Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Адлия вазирлигининг «Юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун лойиҳасига кўра, юридик шахслар ва юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳақидаги ахборотнинг очиқлиги ва ундан умумий фойдаланиш;

давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига нисбатан қўйиладиган талабларнинг ягоналиги;

барча юридик шахслар ҳамда юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширишда тенг ҳуқуқлар билан таъминлаш.

Юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш – рўйхатдан ўтказувчи органнинг ушбу Қонун доирасида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган таъсис ва бошқа ҳужжатларни текшириш йўли билан юридик шахс ташкил қилингани, қайта ташкил этилгани, унинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганини расмийлаштириш, шунингдек юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани бериш, юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш тўғрисидаги ва ушбу Қонунга асосан бошқа маълумотларни Реестрга киритиш бўйича ҳаракатларидан иборат.

Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш - рўйхатдан ўтказувчи органнинг ушбу Қонун доирасида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш йўли билан жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлганини расмийлаштириш, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани бериш ва жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўлганлиги тўғрисида ҳамда ушбу Қонунга асосан бошқа маълумотларни Реестрга киритиш бўйича ҳаракатларидан иборат.

Юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш - рўйхатдан ўтказувчи органнинг ушбу Қонун доирасида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш йўли билан юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларини ташкил этилганини расмийлаштириш, шунингдек юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани бериш ва юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигини ташкил этилганлиги тўғрисида ҳамда ушбу Қонунга асосан бошқа маълумотларни Реестрга киритиш бўйича ҳаракатларидан иборат.