Ўзбекистон | 13:40 / 07.10.2018
36435
2 дақиқада ўқилади

Машинада терилган пахта хом ашёси ҳам биринчи навга қабул қилинадими?

Kun.uz ихтиёрига 2018 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазирнинг ўринбосари Нодир Отажонов раислигида ўтказилган йиғилиш баённомаси келиб тушди.

2018 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб-териб олиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтган йиғилишда жорий йил пахта йиғим-терим мавсумини қисқа муддатларда якунлаш, пахта териш машиналаридан унумли фойдаланишни ташкил этиш, пахта ҳосилини машина ёрдамида териб олишни янада механизациялаштириш мақсадида йиғилиш қарори қабул қилинган.

Жумладан, Қорқалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоят ҳокимлари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ, «Ўзпахтасаноат» АЖнинг хорижий давлатлар тажрибасига асосан пахта териш машиналари билан пахта хом ашёсини қисқа муддатда териб олишни тизимли ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида жорий йилда машиналарда терилган пахта хом ашёсини истисно тариқасида 1-нав 2-синфга қабул қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 5 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пахта терим кампаниясида 1 кг «оқ олтин» учун тўланадиган ҳақ миқдорини, жумладан, пахта хом ашёси машинада терилганда, бир тонна учун 400 минг сўм тўланишини маълум қилган эди.

Маълумки, пахта териш машиналари пахтани қўлда терилганидан кўра сифатсизроқ теради. Унга чаноқ, кўсак, ғўзапоя бўлаклари, ғўза барги аралашади. Шунинг учун азалдан пахта териш машиналарида терилган пахталар пастроқ навларга қабул қилиб келинган.

Пахтани машинада асосан аҳоли пунктларидан узоқроқ ҳудудларда, чўл ва дашт зонасида териш анъана бўлиб келган.

Балки, фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини яхшилаш бош мақсад қилингандир, аммо бундай ҳудудларда машинада терилган пахта юқори навга қабул қилинса, давлат учун нечоғлик самарали бўлади?

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид