Испания чемпионатининг 8-турида ҳам икки гранд очко йўқотишда давом этди. «Реал» «Алавес» меҳмони бўлиб, ғалабасиз ва голсиз сериясини давом эттирган ва тўртинчи ўринга тушиб кетган бўлса, «Барселона» «Валенсия» майдонида ғалабага эриша олмади ва биринчи ўринни бой берди. Бу ўринга ғалабали серия қайд этаётган «Севилья» чиқиб олди. «Трибуна» дам олиш кунларида Испания чемпионатида ўтказилган тур ўйинларини батафсил ёритади.

7 соатлик голсиз серия ва янги мағлубият


«Алавес» – «Реал» – 1:0 (0:0)
Гол: Гарсия, 90+5.
«Алавес»: Пачеко, Ксимо Наварро, Лагуардия, Марипан (Агиррегабирия, 88), Дуарте, Брашанац, Вакасо (Гарсия, 74), Томас Пина, Ибаи Гомес (Собрино, 67), Кальери, Хони.
«Реал»: Куртуа, Одриосола, Варан, Серхио Рамос, Начо, Кроос, Модрич, Каземиру (Асенсио, 62), Себальос, Бензема (Диас, 46), Бэйл (Винисиус Жуниор, 80).
Огоҳлантиришлар: Вакасо, 54.
Ҳакам: Хайме Латре.
6 октябрь. Витория. «Mendizorroza» стадиони.

2002 йилнинг 6 октябрида ҳам «Реал» «Алавес» билан ўйнаган, фақат бу ўйин «Сантьяго Бернабеу»да кечганди. Бу Испания чемпионатидаги одатдаги оддий ўйин эмасди, шу куни ўйиннинг 63-дақиқасида Роналдо майдонга чиққан ва 64-дақиқада гол урганди. У ўйин давомида иккинчи голни ҳам урган, «Реал» эса 5:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу Роналдонинг «Қироллик клуби» сафидаги дебюти бўлганди. Мадрид тик оёқда Роналдони олқишлаганди ўшанда.

Орадан 16 йил ўтди. Энди «Реал»да Роналдо ҳам, Роналду ҳам, футболчи Зидан ҳам, мураббий Зидан ҳам йўқ, фақат Флорентино Перес Мадридда янги «галактикос»ни ташкил этиш учун беҳуда уринмоқда. Хулен Лопетеги мавсумдаги 10 ўйиндан фақат ярмида ғалаба қозона олди холос, бундай кўрсаткич Перес даврида фақат бир марта (ўтган аср охирида Жон Тошак мураббийлигида) кузатилган. Ҳатто 3 йил муқаддам муваффақиятсиз натижалари учун ишдан ҳайдалган Рафаэль Бенитес дастлабки 10 учрашувида мағлубиятга учрамаганди.

Лопетеги эса истеъфога чиқиш ҳақида ўйламаяпти. «Барселона»да қанча очко бўлса, бизда ҳам шунча!», демоқда у. Ҳа, «Барселона» ўз ўйинини ўтказишидан олдин очколар сони тенг эди, аммо тур олдидан ўтказилган ЕЧЛ ўйинларида «Барселона» «Тоттенҳэм»ни сафарда 4:2 ҳисобида мағлуб этиб қайтган, «Реал» эса Москвада ЦСКАга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганди. «Алавес»га қарши ўйиннинг биринчи бўлими якунланганида мадридликларнинг голсиз дақиқалари 364 дақиқага етган, бу олти соат дегани эди. Бу «Реал» бир йилгина муқаддам қаторасига 73 ўйинда гол уриб, «Сантос»нинг афсонавий рекордини янгилаганди.