Шавкат Мирзиёев Франция Сенати Раиси билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳрида Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Сенат Франция парламентининг юқори палатаси бўлиб, унинг аъзолари умумий билвосита овоз бериш йўли билан сайланади ҳамда мамлакат ҳудудларига вакиллик қилади.
Сенаторлар қонун лойиҳаларини қўмиталарда ишлаб чиқиш, ялпи мажлисларда муҳокама қилиш ва маъқуллаш орқали қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этади.
Ўзбекистон Президенти Сенат Раисини самимий қутлар экан, уни Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги билан табриклади, ушбу сана муносабати билан Ўзбекистонда ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди. Жерар Ларше бу китобни катта мамнуният билан қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик улардаги дўстлик гуруҳлари иши туфайли анча фаоллашганини мамнуният билан қайд этди. Бугунги кунда Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатасида ҳам Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Франция Сенатида “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда “Франция - Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда.
Франция Сенати Раиси Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолаган, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёевнинг Францияга илк расмий ташрифи узоқ истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг, жумладан, икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилган.
Жерар Ларше Франция Ўзбекистон билан дўстлик ришталари, самарали шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уларга тизимли тус беришга тайёр эканини таъкидлаб ўтган.
Шавкат Мирзиёев ташриф давомида Франция Сенатининг тарихий биносини кўздан кечирди.
Мавзуга оид
13:00 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев яна бир бор Ғазодаги воқеаларга муносабат билдирди
11:48 / 09.11.2023
“Дунё сиёсий архитектураси том маънода ўзгармоқда” — Шавкат Мирзиёев
18:18 / 12.09.2023
Ўзбекистон йўлларида юк машиналарига мўлжалланган тарозилар ўрнатилади
12:28 / 12.09.2023