9 октябрь куни Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронга Францияга таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирган.
Ўзбекистон ишончли ва истиқболли шерик бўлган Франция билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётгани алоҳида таъкидланган.
«Франция давлатимиз раҳбари расмий ташриф билан келган Европадаги биринчи мамлакат эканини қайд этиб, икки мамлакатни буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён ўрнатилган ўзаро ҳурмат ва савдо алоқалари боғлаб турганига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Францияни дунёнинг етакчи давлатларидан бири, улкан сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар салоҳиятга эга мамлакат деб билади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли Ҳаракатлар стратегияси Франция раҳбарининг сиёсий ва иқтисодий модернизация, қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳокимият органлари фаолиятини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишга йўналтиришга оид ислоҳотлар дастурига ўхшаш экани таъкидланди», дейилади хабарда.
Томонлар минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этишди.
Франция президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишларни қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлади ҳамда мамлакатимиз раҳбариятининг дўстлик, ўзаро манфаатли шериклик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юксак баҳолади.
Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг тинч ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбарлари минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, бунда олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан можаронинг барча томонлари ўртасида тўғридан-тўғри сиёсий мулоқотни таъминлаш ушбу муаммони ҳал этишнинг бирдан бир йўли эканини қайд этишди.















