Жаҳон | 10:04 / 11.10.2018
29896
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Россиянинг Европадаги таъсирини «синдириш» йўли топилди

Фото: AP Photo / Pablo Martinez Monsivais

Америкалик сенаторлар Рон Жонсон ва Крис Мерфи Вашингтонга Европада Россия таъсирини «синдиришга» ёрдам берадиган қонун лойиҳасини тақдим этдилар. Бу ҳақда Sputnik International хабар бермоқда.

Ушбу ташаббусга кўра, Қўшма Штатлар Европа энергетика лойиҳаларини молиялаштириш учун миллиард доллар ажратади. «Биз Шарқий Европада ҳарбий мудофаа тизимини мустаҳкамлаш учун миллиардлаб сармоя киритдик, аммо Россиянинг энергетика бўйича ҳаракатларидан келиб чиқиши мумкин бўлган хавфли оқибатларини унутиш керак эмас», - деди Мерфи.

Сенаторнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси Америка Қўшма Штатларида иш ўринларини яратишга ҳам ёрдам беради.

Сентябрь ойининг охирида Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Қўшма Штатлар президенти Дональд Трампнинг мамлакат «Шимолий оқим-2» туфайли Россияга энергетика масаласида қарам бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги айбловларига жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра, газ қувурининг қурилиши сиёсий эмас, балки иқтисодий лойиҳадир.

«Шимолий оқим-2» 2019 йил охиригача қурилиши керак. Шу вақтда «Газпром»нинг Украинага тегишли «Нафтогаз» компанияси билан келишуви муддати тугайди, у ушбу мамлакат ҳудуди орқали газ транзитига алоқадордир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина «Шимолий оқим - 2» можароси туфайли Россияга «Б режаси» билан таҳдид қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид