Давлат департаменти расмий вакили Хизер Науэртнинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар Украина ҳукуматининг Донбасснинг алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни узайтирганига оид қарорини маъқуллайди. Науэртнинг сўзлари РИА «Новости» томонидан келтирилган.

АҚШ Ташқи сиёсат идорасининг вакили Украина парламенти ва ушбу мамлакат раҳбариятини қонун қабул қилингани билан табриклади.

«Ушбу қонуннинг узайтирилиши... Украинанинг зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва Минск келишувларини бажаришга қатъий бел боғлаганини кўрсатиб беради», - дейилади Науэртнинг баёнотида.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Россия минтақада ҳарбий кескинликни камайтиришга қаратилган Минск келишувларини бажаришда «муваффақиятсизликка учради».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина собиқ бош вазири мамлакатда ҳокимият тез орада ўзгариши мумкинлигини айтганди.