Жаҳон | 15:56 / 13.10.2018
19490
2 дақиқада ўқилади

Журналист можароси. Саудия Арабистонининг расмий позицияси маълум қилинди

Фото: Yasin Akgül/AFP/Getty Images

Саудия Арабистони ички ишлар вазири, шаҳзода Абдул Азиз ибн Сауд ибн Наифнинг маълум қилишича, унинг мамлакати ҳукумати мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўғирланиши бўйича «ёлғон айбловларни» қоралайди. Вазирнинг сўзларига кўра, журналистни ўлдириш ҳақидаги буйруқ - ёлғон ва асоссиз айблов. Бу ҳақда 12 октябрь куни Saudi Press Agency хабар берди.

Абдул Азиз ибн Сауд ибн Наиф
Фото: SPA

Шаҳзоданинг таъкидлашича, Саудия Арабистони подшоҳлиги халқаро ҳуқуққа риоя қилиш ва ўз фуқаролари манфаатларини ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда ҳимоя қилишга эътибор қаратиб келмоқда. У ишни тергов қилишда Туркия ва Саудия махсус хизматлари ўртасида ҳамкорлик қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади ҳамда журналистнинг йўқолиб қолиши бўйича барча ҳақиқатни билиб олиш учун мамлакат расмийларида самимий истак мавжудлигини билдирди.

Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига кирганидан сўнг ғойиб бўлди. Ҳукумат талаби билан у дипломатик ваколатхонада ажрашиш тўғрисидаги ҳужжатларни шахсан қабул қилиб олиши керак эди. Журналист қаллиғини кираверишда қолдирган, бироқ қайтиб чиқмаган.

Фото: REUTERS

Консуллик ходимларининг билдиришича, у «кетиб қолган». Туркия ҳукуматининг тахминига кўра, Саудия махсус хизматлари журналистни бино ичида ўлдиришган ва ўша куни бош консулликка қайта-қайта кирган, ойналари қорайтирилган автомобилларнинг бирида жасадни олиб чиқишган. Кузатув камераларига тушиб қолган қора машина қидирувга берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия саудиялик амалдорлар санкция рўйхатини тайёрлаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид