Тойлоқ тумани ҳокими уй «соҳибаси» бўлган эркакларни танқид қилди
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров «Қушчинор» газетаси орқали туман аҳолисига мурожаат қилди.
«Бугун хотин-қизларнинг хорижда ишлаши деган бало бошимизга соя соляптики, унинг ортидан қанча-қанча муаммолар, дилхираликлар келиб чиқмоқда. Баъзи ориятсиз эркаклар аёлларини четга ишлашга жўнатиб, ўзлари уй «соҳибаси» бўлиб ўтиришибди. Тоғни урса талқон қилгулик кучга эга нотавонлар хотини юборадиган пулга кўз тикиб ўтиришибди. Айтинг, уларнинг оиласи олдидаги бурчи, ор-номуси, ғурури қаерда қолди?! Наҳотки, бундай тубанлик бизга ярашса?! Чет элда яшаб, ишлаб юрган опа-сингилларимиз, у ердаги енгил-елпи ҳаётга учиб, оиласидан, болаларидан воз кечиб кетиш ҳолатларини қандай изоҳлаймиз? Хонадоннинг фариштаси бўлишга муносиб оналаримизнинг бешикдаги эмизикли гўдагини ташлаб, бойлик излаб юриши фожиа эмасми? Бунинг натижасида оилавий ажримлар сони ортиб, хонадонлар бекасиз, фарзандлар қаровсиз қолмоқда», - дейди ҳоким.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида туманда эр-хотин ўртасидаги ажримлар сони 181тага етган. Шунингдек, ҳозирги кунда 4650 нафар хотин-қизлар ишлаш мақсадида кетган бўлиб, шундан 1851 нафари - Туркия давлатида, 1307 нафари - Россия федерациясида, 230 нафари - Исроилда, 195 нафари - Кореяда.
«Яна бир оғриқли муаммо борки, бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бу тўй-маъракаларимиздаги ортиқча дабдабабозликдир. Оилавий низолар, ажримлар, қариндош-уруғ, қуда-андаларнинг юз кўрмас бўлишига олиб келаётган бу иллатнинг томир отишига маърака ва маросимларда янгича урф-одатларни жорий этиш, ортиқча сарпо-суруқлар қилиш, айниқса, бўлажак келинларимиз куёвнинг уйига қимматбаҳо мебел-у, жиҳозлар билан бориши сабаб бўлмаяптими?!» - дея таъкидлаб ўтди туман ҳокими.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024