Хитойга ўқигани кетган 64 нафар қозоғистонлик ўсмирга ўзга юртда кўчада қолиш хавф солмоқда. Бу ҳақда болаларнинг ота-оналари маълум қилишган.
Tengrinews.kz интернет нашри таҳририятига оналардан бири мурожаат қилган, унинг айтишича, болалар 10 октябрда Хитойнинг Наннинь шаҳрига ўқигани учиб кетишган. Ўқишни ташкиллаштирган компания болаларни университетгача кузатиб қўйиши керак бўлган, бироқ буни қилмаган. Шунингдек, болалар университетга келишгач, ота-оналари ўқишга тўлаган пуллар университетга ўтказиб берилмаганини аниқлашган.
Таъкидланишича, компания вакиллари ва раҳбарияти билан боғланишга уринишлар ижобий натижа бермаган. “Телефонларга жавоб берилмаяпти, компания офиси ёпилган. Болаларимиз йиғламоқда, агар тўлов амалга оширилмаса уларга ҳайдаб чиқарилишлари айтилган. Олдиндан тўланган ҳақ ётоқхонада жойни бронлаш учун тўланганди”, деб айтган оналардан бири.
Онанинг айтишича, бу ҳақда полицияга ариза ёзилган. Кейинроқ аниқланишича, компанияга мурожаат қилган баъзи ота-оналар пулларини қайтара олишган.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вакили Ойбек Смадияровнинг маълум қилишича, 12 октябрда Қозоғистоннинг Пекиндаги элчихонасига Хитой олий таълим муассасаларида ўқигани келган болаларнинг ота-оналари мурожаат қилишган. Болалар орасида балоғатга етмаганлари ҳам бор.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, болаларни кутиб олиши керак бўлган Хитой компанияси ўз мажбуриятларини бажармаган ва болаларни кутиб олмаган. Бундан ташқари, компания университетларга яшаш ва ўқиш учун пулларни ўтказиб бермаган.
Таъкидланишича, айни вақтда Қозоғистон элчихонаси Хитойдаги Қозоғистон талабалари уюшмаси билан ҳамкорликда бу масалани ҳал қилиш, жумладан болаларни бошқа таълим муассасаларига жойлаштириш билан шуғулланмоқда. Улар ҳозирда таълим олмаяптилар ва бошқа университетлар ётоқхоналарига жойлаштирилганлар.
Шу муносабат билан фуқаролардан хорижий таълим муассасаларини танлашда эътиборли бўлиш сўралган. Ота-оналарга фарзандларини хорижга ўқишга юборишдан олдин таълим муассасалари билан боғланиб, фарзандлари ўқишга қабул қилинганларига ишонч ҳосил қилиш тавсия қилинган.











