Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Жиноят-ижроия қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгиланади:
жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;
маҳкумларнинг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;
маҳкумларда қонун талабларига ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш маданиятини, билим ва маънавий-ахлоқий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш тизимини такомиллаштириш;
меҳнат бозорида талабга эга бўлган касблар бўйича асосий ҳунар ва умумтаълим дастурларини амалга ошириш доирасида маҳкумларни, хусусан вояга етмаган ва маълумотга эга бўлмаганларни касбий тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш;
озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар ижроси учун масъул ҳисобланган пробация хизмати фаолиятини йўлга қўйиш орқали мазкур жазо турларига ҳукм қилинган, шу жумладан шартли ҳукм қилинган маҳкумларни қайта тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;
фуқаролар билан уларни жазони ижро этиш соҳасида ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда самарали мулоқот ўрнатиш, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослашувини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорликни таъминлаш;
жазони ижро этиш муассасаларида, шу жумладан манзил колонияларда жазони ўташ тартибини такомиллаштириш, вояга етмаган маҳкумларга нисбатан жазони ижро этиш тизимини тубдан яхшилаш;
жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларининг ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш орқали маҳкумларнинг иш билан бандлик даражасини янада ошириш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг моддий-техника таъминотига бўлган эҳтиёжини жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳисобига қондиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.









