Фаровон ва тўкис ҳаёт кечириш учун ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро ўз кучини ва вақтини сафарбар этади. Лекин, жамиятда шундай муаммолар борки, бир фуқаронинг ўзи бу муаммоларни ҳал қила олмайди.

Сайт ижодий гуруҳи навбатдаги мурожаат изидан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманига йўл олди. Бу сафар мурожаат одатдаги каби кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан уй-жой ширкатлари устидан эмасди. Бу сафар мурожаатчи ширкатнинг ўзи эди.

«Озод Ватан коммуналчи» уй-жой ширкати раҳбари Нилуфар Умарова ушбу тумандаги «Чархновза» маҳалласида рўй бераётган таажжубли ишлар ҳақида сўзлаб берди. 

«Мен ширкат раҳбари сифатида 2013 йилдан бери ишлаб келаман. Ҳудудимда 22та кўпқаватли уйлар бор. Бу йил бизнинг маҳалла «Обод маҳалла» дастурига тушган эди. Май ойидан бу дастурга тайёргарлик олиб борилди. Ушбу дастур бўйича том қисмлари ҳам янгиланиб, тунука билан қопланиши лозим эди. Ширкатга тегишли уйларнинг том қисмини ўтган йили юмшоқ қоплама билан қоплаган эдик. Бунинг учун кредит олиб тўлаб келаётгандик. Аммо, ҳокимият вакиллари дастур бўйича қоплама темир тунукага алмаштирилиши лозимлигини айтишди. Қолаверса, томни қуриш бошланганидан сўнг бизга бу бўйича маблағни кредит асосида ширкат тўлаши лозим, дейишди. Бу биз учун кутилмаган совға бўлди. Шундан кейин кредит олдик. Ҳокимият пудратчи сифатида «Kosogoron Innovatsion qurilish» МЧЖни таклиф қилди. Шундан бери орадан 3-4 ой ўтди. Бу орада ҳудудимизга давлат раҳбари ҳам ташриф буюрди. Ишлар қилинмади демайман. 14та уйдан 10тасининг томи ёпилди. Лекин, 4та уй ҳамон очиқ ҳолатда. Яқинда ёмғир мавсуми бошланади. Додимизни кимга айтишни билмаймиз», - дейди аламзада ширкат раҳбари.

Вазият жуда чигал ҳолатда эди. Бир тарафдан кредитни тўлаш керак, бошқа тарафдан том ҳали ёпилмаган. Аҳоли эса норози, ахир улар тўлов қилишмоқда. Тўлов нима учун – тайёр томни очиб, чала қолдириб кетишгани учунми?

Аҳоли билан учрашувда вазият янада чигаллашди. Барчанинг кўзида ҳадик эди. Одамлар осмонга хавотир билан тикилишарди. Осмонни қора булут тўлдириб келарди.

Аввалига аҳоли журналистларни ҳукумат вакиллари деб ўйлашди ва саволлар ёғдиришди: «Бу томи битмаган 4та уй бошқаларидан нимаси билан фарқ қилади?», «Нега биз томсиз қолдик?», «Бу ишлар қачон охирига етказилади?».