Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунёда ҳар 40 дақиқада бир марта суиқасд содир этилади, 1 йилда қурбонлар сони миллион нафардан ошади.

Эътиборли томони, суиқасд ҳолатлари аҳоли яшаш даражаси паст мамлакатларда кўпроқ кузатилади. Жорий йилда ЖССТ ўз жонига қасд қилиш даражаси энг юқори 10та давлат рўйхатини тузиб чиқди. Аниқландики, қўшни Қозоғистон ушбу рўйхатнинг 4-поғонасида жойлашган, Марказий Осиё бўйича рўйхатда эса Ўзбекистон Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринда бормоқда.

Ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 14-19 ёшдаги ўспиринлар ҳиссасига тўғри келади. Кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда ёш авлоднинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳар йили аввалги давр билан таққослаганда 23 фоизга ошиб бормоқда. Мактабдаги безорилик, қўрқитиш ва қийноққа солиш бу ҳолатларнинг асосий сабаблари бўлмоқда. Ажабланарли томони, ўз жонига қасд қилаётганларнинг 70 фоизи соғлом бўлиб, уларнинг аксарияти қишлоқларда яшаган.

Хўш, Қозоғистонда ўсмирлар орасида суиқасд нега кескин суръатларда ўсиб бормоқда?

Оила ва ўқишдаги муаммолардан ташқари, ОТМларга кириш имтиҳонлари ҳам одам боласини тушкунликка солиб қўяди. Таълим тизими муаммолари билан шуғулланувчи «Ұлағатты жанұя» жамоат фонди президенти Марианна Гуринанинг фикрича, имтиҳонда инсон психикасига мос келмайдиган қийин саволлар берилиши ўсмирлар суиқасдига энг кўп сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда эса 1990-2016 йиллар давомида ўсмирлар ўлими икки баравар (400 нафар) ошди. 2018 йилнинг 4 ойида 153 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. Қўрқинчли ва хавотирли статистика. Табиийки, савол пайдо бўлади: катта ҳаёт остонасида турган ўспириннинг бундай оғир гуноҳга қўл уришига нима сабаб бўлмоқда? Уни қандай муаммолар қийнамоқда?