Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети очилади
21 октябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ректори Михайлова Тамара Викторовна бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари бўйича тренерлар тайёрлаш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинган. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган. Хусусан, Ўзбекистонда Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети филиали ташкил этилади. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи ва мураббийларга университетнинг Россиядаги қишки спорт турларига ихтисослашган базаларда шуғулланиш имконияти яратилади.
Тадбирда сўз олган Дилмурод Набиев президент томонидан мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам соҳа ривожига хизмат қилиши кутилаётгани ва ушбу режаларни ҳаётга татбиқ этишда барча имкониятлар ишга солинишини маълум қилди.
Тамара Викторовна университетнинг янги ташкил этиладиган филиали ҳақида шундай деган: «Мазкур филиал университетимизнинг хорижда ташкил этилаётган биринчи филиали бўлади. Унинг ташкил этилиши нафақат Ўзбекистон, балки барча Марказий Осиё давлатлари ёшларининг таълим олишига қулайлик яратади. Дастлаб бир неча йўналишда ташкил этиладиган филиал йўналишлари йилдан-йилга кенгайтириб борилади. Биз муассасанинг самарали фаолият юритиши учун малакали мутахассисларимизни жалб этамиз».
Учрашув якунида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Маълумот учун, Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунга қадар университет томонидан 60 мингдан ортиқ юқори тоифали мутахассислар тайёрланган бўлиб, улардан 5 минг нафари хорижлик мутахассислардир. Ҳозирги пайтда университетда 6500 нафар талаба таълим олиб, улардан 600 нафари хорижий давлат фуқаролари ҳисобланади. Университетда 42та кафедра фаолият кўрсатиб, магистратура, аспирантура, докторантура бўлимлари мавжуд. Университет таркибида Жисмоний тарбия ва спорт институти, Ижтимоий институт, Туризм, рекреация, реабилитация ва фитнес институти, Илмий-педагогик институт ҳамда Спорт ва спорт медицинаси илмий-тадқиқот институти каби муассасалар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассаса фахри бўлган Марказий илмий кутубхонада 700 мингдан ортиқ жисмоний тарбия ва спортга оид адабиёт фонди мавжуд бўлиб, ушбу йўналишда дунёдаги энг йирик кутубхоналардан бири ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:13 / 07.04.2026
Футбол бўйича Суперлига ўйинлари соат 19:00 дан кейин белгиланиши мумкин
19:12 / 07.04.2026
Олий спорт маҳорати мактаблари ўрнига «Олимпия терма жамоалари маркази» ташкил қилинади
18:34 / 07.04.2026
Ишчиларининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади
18:32 / 07.04.2026