2018 йилнинг октябрь ойи давомида Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги барча умумий ўрта таълим мактабларида “Она тили ва адабиёти” фан ойлиги тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими матбуот хизмати Kun.uzʼга маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур фан ойликларида ўқувчилар учун “Тил – миллат қуёши” , “Она тилим жон-у дилим” , “Миллатим фахрисан, онажон тилим” каби мавзуларда иншо ва расмлар, оммавий диктант танловлари, мунозара, очиқ дарслар, таниқли ёзувчи, шоир ва журналистлар иштирокида учрашувлар ташкил этиляпти.

Хусусан, 14 октябрь куни 35-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқувчилари учун диктант, юқори синф ўқувчилари ўртасида эса иншо ёзиш бўйича оммавий танловлар ташкил этилди. Унда ўқувчиларнинг диктант ва иншо ёзиш борасидаги саводхонлиги синовдан ўтказилди.

Фото: Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими матбуот хизмати
Фото: Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими матбуот хизмати

“Тил – миллат кўзгуси” мавзусидаги танлов 5-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилди. Унда ўқувчилар ўзбек тили ривожига тўсиқ бўладиган сабаблар юзасидан “Мунозара” танловида баҳслашди. Баҳсларда ўқувчилар томонидан нутқда чет тилларидан кириб келган сўзларни қўшиб гапириш, имло қоидаларига амал қилмаслик каби иллатлар танқид остига олинди. “Мунозара” мусобақаларида фаол иштирок этган ўқувчиларни мактаб маъмурияти ўзбек адабиётининг таниқли ёзувчи ва шоирларининг китоблари билан тақдирлади.

Фото: Ангрен шаҳар Халқ таълими бўлими матбуот хизмати

“Она тили ва адабиёт“ фан ойлиги тадбирлари 4-умумий ўрта таълим мактабида байрам дастури сифатида ўтказилди. Мазкур байрам тадбирида ўқувчилар ўзбек тили давлат тили мақомини олиши тарихи, ўзбек тилида ижод қилган ёзувчи ва шоирлар ҳаёти бўйича маълумотлар келтирди. Шунингдек,тил ҳусусан, ўзбек тили борасида ёзилган шеьр ва қўшиқлар ўқувчилар томонидан ёддан айтиб берилди.