2018 йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.
Мажлисда психиатрия муассасаларида беморларни даволаш ва уларга қараш, психиатрия муассасаларининг моддий-техник негизини яхшилаш, замонавий диагностика ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижалари муҳокама этилди.
Мажлисда қайд этилганидек, республикада 25 та психиатрия муассасаси фаолият юритмоқда, улар томонидан доимий равишда профилактика ва даволаш ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай қатор муаммолар ҳал этилмай қолиб кетмоқда. Энг долзарб муаммолардан бири сифатида жойларда психиатр шифокорларининг етишмаслиги ҳамда психиатрия муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари суст олиб борилаётганлигидир.
Ўрганиш кўрсатишича, иш ҳақининг пастлиги, шифокорларнинг соғлиғи ва ҳаёти ижтимоий суғурталанмаганлиги сабабли кўплаб кадрлар, айниқса ёшлар ишдан бўшаб, хусусий клиникаларга ўтиб кетмоқда.
Мисол учун, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича 74 нафар мутахассис, шу жумладан уларнинг 16 нафари олий таълим муассасалари битирувчилари соҳада ишлашни бошлаган бўлса, ярим йилликнинг охирига келиб уларнинг 89 фоизи, яъни 66 нафари соҳани тарк этган.
Соҳа учун муҳим бўлган мутахассислар – суицидолог ва психиатрияга алоқадор бошқа тор ихтисосликлар бўйича шифокорлар етишмаётганлиги кескин танқид остига олинди.
Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидан ташқари мамлакатнинг бирорта минтақасида суицидология бўйича мутахассислар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Мажлис иштирокчилари соҳада эҳтиёж юқори бўлган тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига тўхталиб, бугунги кунда республикада психиатр-нарколог умуман мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтишди. Психиатрия муассасаларида штат бирликларининг етишмаслиги беморларга қарашда, уларнинг феъл-атворида тажовузкор ҳолат юзага келган вақтда зарур чоралар кўрсатишда қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Бунинг оқибатида тиббиёт ходимларига тан жароҳати етказиш ҳолатлари учраб турибди.
Бу борада тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг дастурларини қайта кўриб чиқиш, кадрлар сонини кўпайтириш, ёш малакали мутахассисларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, тадбирда соҳада кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди. Муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.

















