“Абдуллажон” фильмидаги улкан қовун-тарвузларни яхши эслаймиз, бу каби экинларни ҳаётда учратмаган бўлишингиз мумкин. Бироқ, Тошкентнинг Янгийўлида 25 – 30 килограммли қовоқлар етиштирилаётгани ҳақиқат.
Биз бу хабарни эшитгач, улкан қовоқларни етиштириши билан танилган фермер Алиназар Имомназаровни қидириб йўлга тушдик. Борар манзилимиз бироз олис кўринса-да, улкан қовоқларни кўриш, кўрганларимизни эса лавҳа қилиб ўқувчига етказиш иштиёқи бу қийинчиликларни енгиб ўтишга сабабчи бўлди.
Видео: TasiIX
Видео: Facebook
Видео: YouTube
Сўраб-суриштириб, ниҳоят, Янгийўл тумани, Миришкор қишлоғида яшовчи фермер Алиназар Имомназаров хонадонини топиб бордик.
Фермернинг Kun.uz’га ҳикоя қилишича, йирик қовоқларни етиштиришда дастлабки иш, аввало, сифатли уруғ танлашдан бошланади. Хусусан, экиладиган қовоқ уруғи тоза, юқори унувчан ва бутун (синмаган) бўлиши керак. Экин майдонига кузда минерал ва органик ўғитлар берилиб, 30-35 см чуқурликкача шудгорланади.
Қовоқлар Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 15 апрелгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрелгача, шимолий минтақаларда эса 30 апрелгача экилади.
Уни экиш учун қатор оралари 360 сантиметр бўлган кенг эгат олинади. Бундай эгатлар қовоқ палакларини яхши ёйилишига имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50–60 г уруғ сарфланади.








