Спорт | 13:30 / 28.10.2018
30783
9 дақиқада ўқилади

Аввалгиларга ўхшамас. Эл Класикони кўриш учун 5 сабаб

Бугун Тошкент вақти билан соат 20:15да, Испания чемпионати 10-тур доирасида «Реал» «Камп Ноу»да «Барселона» меҳмони бўлади. Аслида бу ўйин алоҳида таърифга муҳтож эмас, аммо Криштиану Роналдунинг кетиши ва Лионель Мессининг жароҳат олиши натижасида, сўнгги 11 йилда илк бор Эл Класико ушбу суперюлдузларсиз ўтмоқда. Аммо агар вазиятга бошқа тарафдан қаралса, бу вазиятга ҳам ижобий қараш ва бугунги ўйин олдингилардан яхши маънода фарқлироқ бўлишига сабаблар топиш мумкин экан. Қўйида шу ҳақида.

Янги қаҳрамон ким бўлади?

Аслида бу омил ўйинга бўлган қизиқишни орттириши ҳам мумкин. Ниҳоят, барча эътибор жамоаларга қаратилади. Авваллари, мана шу ўн бир йил ичида Златан Ибраҳимович, Суарес ёки Неймар, Бэйл ёки Асенсио ва ҳатто Жереми Матьё қаҳрамон бўлган ўйинларнинг гувоҳи бўлганмиз. Лекин биласизми, ўша ўйинларда ҳам барча камералар Месси ва Роналдуга қаратилар, олдиндан бу футболчилардан нимадир кутилар эди. Юқорида тилга олинган қаҳрамонлар эса, айнан мана шу эътиборсизликдан фойдаланиб қолишарди.

Ҳозирги ҳолат бошқача. Ҳар бир футболчи янги қаҳрамонга айланиши мумкин. Кимдир Искодан нимадир кутса, бошқалар, ниҳоят Коутиньо барчасини ўз қўлига олиш керак деб ҳисобламоқда. Баъзилар Гарет Бэйл ёки Бензема ўзларини исботлаш вақти келганини айтса, нариги тарафдан Видални асосий таркибда кутаётганлар бор.

Хуллас, бугунги Эл Класико режиссёрларига қийин бўлади. Ўйин олдидан камераларни айнан қайси футболчига қаратиш, кимга урғу бериш борасида бирор тўхтамга кела олмаётганликлари шубҳасиз.

Мураббийлар

Бундай вазиятдан чиқиб кетишнинг йўли - инглиз ҳамкасблари тажрибасидан фойдаланиш. Яъни, бор эътиборни ўйиннинг ҳақиқий режиссёрлари бўлмиш мураббийларга қаратиш мумкин. Тўғри, Лопетеги ва Вальверде Эл Класиконинг афишасида расми чиқадиган даражада маркетингбоп эмас. Аммо анчадан бери илк маротаба майдоннинг ҳар икки тарафида ҳам асосан ўйин концепциясини яратишга урғу берадиган мураббий турибди. «Барселона» бундай мураббийларга вақти-вақти билан мурожаат қилиб турган, лекин Перес ишга олган мураббийларнинг деярли ҳаммаси асосан юлдуз футболчилар билан тил топиш, жамоанинг умумий тайёргарлигини ва мотивациясини бир маромда ушлаб туриш билан шуғулланар эди. Анчелотти, Моуриньо, Зидан ва ҳатто Капелло ҳам ўз ўйин фалсафасига ва аниқ сезиладиган услубига эга эмасди. Кичик ўйинларни умумий тайёргарлик ва класс ҳисобига, катта ўйинларни эса конкрет рақибга мос тактика эвазига ютишга уринадиган мураббийлар эди улар.

Перес урфга айланган футболчилар билан мақтаниш ўрнига, энди бошқа йўлдан боряпти - асосий мақсад урф бўла оладиган ўйин намойиш қилинсинки, бу ғоя ичидаги Асенсио ҳам, Иско ёки Васкес ҳам жаҳон юлдузларига айлансин. Испания терма жамоасида жуда яхши ўйин яратган Лопетегининг таклиф қилиниши ҳам шундан эди.

Унинг бугунги рақиби Вальвердени ҳам Бильбаодаги ишлари орқали ажойиб тактик мураббий сифатида биламиз. Унинг ғоялари баъзида Мессининг буюклиги соясида қолаётган бўлиши мумкин, аммо тақдирнинг ҳазилини қарангки, айнан «Реал»га қарши ўйин олдидан Месси йўқ. Демак бугун аввалги Класиколарга ўхшамайдиган ўйинни, майдондаги юлдузлар эмас, майдон четидаги икки тактикнинг курашини кўришимиз мумкин.

Пеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо давридан бери Эл Класико мураббийлари бугун каби асосий планда бўлмаган эди.

Босим

Переснинг ўзгараётганини ҳар қанча гапирмайлик, унинг ҳам сабр косаси бор. «Реал» «Леванте», «Виктория» каби жамоалар билан ҳам қийналиб ўйнаётгани жамоатчилик фикрини алангалатиб юбораётгани ва бу ҳам Пересга таъсир қилиши бор гап. «Реал»да ўтиш йиллари бўлмайди, бу ерда ҳар доим соврин ва ғалабалар талаб қилишади. Шу нуқтаи назардан Хулен Лопетегининг курсиси қимирлаб қолган бўлиши эҳтимол.

Бу нимани англатади? «Реал» бугун шунчаки, қониқарли натижа қайд этиш билан биргаликда, тўғри йўлда ҳаракатланаётганини ҳам намойиш этиши керак бўлади. Балки, айнан шу ўйин Лопетегининг тўғри танлов эканини исботлайдиган сўнгги имконият бўлиши мумкин. Яъни, Лопетеги фақат бугунги ўйин ва рақибдан келиб чиқиб, ёпиқ тактика танлаши ва қандайдир сценарийга умид қилиши мумкин эмас. У рақиб кучли бўлишига қарамасдан натижани ўз услуби, ўйини билан қўлга киритишига тўғри келади.

Олдинги Класиколарда масалан, жамоалардан бири қандайдир фарқ билан олдинга чиқиб кетган, рақиб жамоа таъқибчи мақомида бўларди. Яна кўпинча, жамоалардан бирини дуранг қониқтирар эди. Бугун ундай эмас. Биринчидан, мавсум боши, очколар фарқи ҳам катта эмас, «Атлетико» ва «Севилья» бор, демак ўйин турнир жадвалида етакчиликни қўлга олиш имкониятини беради. Иккинчидан, «Барселона» камида ўз майдонида ўйнаётгани, «Реал» эса, юқорида сабаблардан келиб чиқиб, фақат ғалаба учун ўйнаши аниқ.

Бошқа томондан бу ўйин мураббийнинг истеъфосига сабаб бўлиши эҳтимол. Бундай сценарийни ҳам ҳамма жонли кузатишни истаса керак.

Трансляция

Ла Лига матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу ўйинда янги технология қўлланади. Ушбу технология ёрдамида мухлислар тўп тепилаётгандаги овозларни ҳам эшита олишлари ва жараённи янаям яқинроқ ҳис қилишлари мумкин. Ушбу технология автоматик равишда тўп жойлашувини аниқлаб, ўша зонага энг яқин жойлашган микрофонни ишга туширади. Лекин футболчиларнинг ўзаро гаплашиш ё бақириш овозлари эшитилмайди.

Эсингизда бўлса, бир неча йил олдин айнан Эл Класико ўйинида илк бора 3D технологиялари ёрдамидаги трансляция амалга оширилганди. 

Вақт

«Камп Ноу»даги ўйинлар ҳамюртларимиз учун жуда ноқулай вақтда ўтади одатда. Бунинг устига Европада бугундан қишки тизимга ўтилаётгани туфайли, ўйинлар яна бир соатга сурилаётганини ҳам эътиборга олинг. Аммо сўнгги йилларда Ла Лига маркетинг сиёсати сабабли осиёлик мухлислар ҳақида ҳам қайғура бошлади.

Яъни, Тошкент вақти учун соат 20:15 биз учун жуда қулай. Бемалол, барча ишларни битириб, кечки таомни еб, телевизор қаршисига улгуриш учун идеал вақт. Водийликлар Фарғонадаги Ўзбекистон кубоги финалини жонли томоша қилиб қайтишга ҳам улгуришади.

Ҳатто «Эвертон»га қарши ўйини соат 21:00да бошланадиган «Манчестер Юнайтед» фанатлари ҳам бемалол Эл Класикони тўлиқ кўра олади. Агар Моуриньо шогирдлари фақат иккинчи бўлимларда футбол ўйнаётганликларидан келиб чиқсак...

«Камп Ноу»даги анъана

Дарвоқе, Мадрид клуби мухлислари учун яна бир ёқимли ҳолат. «Барселона» уч йилдан буён ўз майдонидаги Эл Класиколарни ғалаба билан якунлай олмаяпти. Бундай ўйинлар сони 4тага етган. Шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, ундан олдин Суперкубок учун баҳсда мадридликлар 1:3 ҳисобида ютиб кетишганди. Ундан олдинги мавсумдаги икки ўйин эса, 1:2 ва 1:1 ҳисобларида якунланган. Қизиғи, Мадриддаги ўйинларда «Барселона» уч ўйиндан бери фақат ғалаба қозониб келмоқда.

Барча мусобақалар тарихида эса, устунлик «Реал» томонда. «Қироллик клуби» 237 учрашувдан 95тасида ғалаба қозонган. Каталонияликлар ҳисобида 92 ғалаба бор. 50 ўйин дуранг билан якунланган.

Энг йирик ҳисоб 1943 йилда, Испания кубоги ярим финалида қайд этилган. Ўшанда мадридликлар 11:1 ҳисобида устун келган.

Тахминий таркиблар:

«Барселона»: Тер Штеген, Самеду, Лангле, Пике, Алба, Бускетс, Артур, Ракитич, Коутиньо, Дембеле, Суарес

«Реал»: Куртуа, Начо, Рамос, Варан, Марсело, Каземиро, Кросс, Модрич, Иско, Бэйл, Бензема.

Қ.Асланов

Мавзуга оид