15:14 / 29.10.2018
11998

Марказий банкнинг Андижон ва Намангандаги оромгоҳлари вилоят ҳокимликларига берилди 

Вазирлар Маҳкамасининг Андижон ва Наманган вилоятларидаги давлат мулкидан самарали фойдаланиш, вилоятлар ёшларини соғлом ва баркамол вояга етказиш ҳамда тарбиялаш учун уларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фармойиши қабул қилинди.

Ҳужжат билан Марказий банк, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимликларининг: 

Марказий банкнинг Андижон вилояти бўйича бош бошқармасига тегишли Андижон вилояти, Бўз тумани, Улуғбек массивида жойлашган “Қуёшча” болалар оромгоҳини Андижон вилояти ҳокимлиги;

Марказий банкнинг Наманган вилояти бўйича бош бошқармасига тегишли Наманган вилояти, Косонсой тумани, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Соҳил” болалар оромгоҳини Наманган вилояти ҳокимлигига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Марказий банкнинг Андижон ва Наманган вилоятлари бўйича бош бошқармалари “Қуёшча” ва “Соҳил” болалар оромгоҳларининг тегишли ҳудуди билан биргаликда Андижон ва Наманган вилояти ҳокимликларига белгиланган тартибда топширади, Андижон ва Наманган вилояти ҳокимликлари “Қуёшча” ва “Соҳил” болалар оромгоҳларини тегишли ҳудуди билан биргаликда қабул қилиб олади.

Top