Жаҳон | 08:42 / 03.11.2018
18013
2 дақиқада ўқилади

«Тахтлар ўйини» услубида Эронга таҳдид қилган Трамп янги битимга тайёрлигини маълум қилди

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши янги санкциялар жорий этилиши ҳақидаги маълумотлар фонида, Эрон билан янги битим тузишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» Оқ уйга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Трампнинг сўзларига кўра, Эрон томонига нисбатан санкция чекловлари Теҳрон ўз «бузғунчи хатти-ҳаракатларини» ўзгартирмагунга қадар амал қилади.

«Қўшма Штатлар Эрон билан ҳамон янги, нисбатан кенг қамровли келишувга эришишга тайёр турибди. У ушбу давлатга ядро қуролига бўлган йўлни бутунлай блоклаб қўйиши лозим», - дея маълум қилди Трамп.

Аввалроқ, Трамп 5 ноябрь куни янги санкциялар жорий этилиши ҳақида хабар берганди. Трамп ижтимоий тармоқда «Санкциялар жуда яқин» ёзувли тасвирни эълон қилди. Матн шрифти ва ифодаси «Тахтлар ўйини» сериалидан машҳур иборани эслатиб юборади - «Қиш яқин».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Эронга қарши санкциялари йўлидаги жиддий тўсиқлар маълум қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид