2018 йилнинг ўтган 10 ойида газ асбоб-ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ҳамда чақнаш ва ёнғин натижасида газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ 21та ҳолатда 51 киши жароҳатланган ва 15 киши вафот этган. Бу ҳақда ЎзАда эълон қилинган «Бахтсиз ҳодисалар ортишига нима сабаб бўлмоқда?» сарлавҳали мақолада келтирилади.
Маиший газ баллонлар билан боғлиқ 10та ҳолатда 10 киши жабрланган, 7 киши вафот этган. Ис гази билан боғлиқ 32 ҳолатда 53 киши жароҳатланган, 35 киши вафот этган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида бўлиб, ис газидан 11 киши вафот этган.
31 октябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги янги қурилган уйларнинг бирида бир оиланинг тўрт фарзанди бир кечада тўсатдан вафот этди. Бу фожиага ис гази сабабчи экани маълум бўлди.
Мазкур воқеадан сўнг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия олдига шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш вазифаси юклатилди.
1 ноябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Шу куни Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Аҳоли турар-жойларидаги иситиш қозонлари ва печларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва носозликларнинг бартараф этилишини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.







