Жаҳон | 10:28 / 07.11.2018
20136
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги теракт ижрочиси барча айбловлар бўйича айбдор деб топилди 

Фото: NBC New York

АҚШ суди 2017 йил декабрда Нью-Йорк марказида портловчи қурилмани ҳаракатга келтирган бангладешлик Ақойид Уллани барча айбловлар бўйича айбдор деб топди. Айбловлар орасида хорижий террорчилик ташкилотини молиявий қўллаб-қувватлаш, оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш ва жамоат жойида портлашни ташкиллаштириш айбловлари бор.

Улланинг авдокатлари у жамиятда ўзини яккаланган ҳис қилгани учун ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини важ қилишган. Аммо айблов томони бу важни рад этиб, судланувчи фақат ўзини ўлдирмоқчи бўлганда портловчи қурилмадан фойдаланмаган бўлишига ишора қилган. Айблов Улланинг ижтимоий тармоқлардаги хабарларини ва қўлга олингандан кейин терговчиларга билдирган иқрорини бунга исбот сифатида келтирган.   

The New York Times нашрининг маълум қилишича, Улла ушлангандан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига портлашни ИШИД ташвиқоти таъсири остида амалга оширганини тан олган.

Манхэттендаги портлаш 11 декабрда 42-кўчадаги ер ости ўтиш жойида содир этилган. Полиция маълумотларига кўра, Улла танасига маҳкамланган қўлбола портловчи қурилмани портлатган. Натижада у яраланиб, шифохонага етказилган. Портлаш вақтида яна 3 киши жароҳат олган. 

Уллага чиқариладиган жазо кейинроқ эълон қилинади. Унга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин. 

Мавзуга оид