Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Халқ таълими вазирлигининг “Экстернат тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2015 йил 13 апрелдаги 9-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган Экстернат тўғрисидаги Низомга тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Экстернат тўғрисидаги Низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
 
1. Кириш қисмидаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 203-сонли «Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида»ги” қарори “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 майдаги 140-сонли “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига алмаштирилади.”.

2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“5. Аттестацияда умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 9-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 16 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар, умумий ўрта таълим дастурларини давлат таълим стандарти асосида 11-синф доирасида мустақил ўзлаштирган ва тегишли йилда 18 ёшга тўладиган ҳамда ундан катта ёшдаги фуқаролар қатнашиши мумкин.”

3. Қуйидаги мазмунда 5-1-банд билан тўлдирилади:

“5-1. Умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатномага эга фуқаролар 11-синф доирасида аттестациядан ўтказилади.

Экстерн бир вақтнинг ўзида 9-синф ва 11–синф доирасида аттестациядан ўтказилмайди.

Экстернга умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома олганидан сўнг икки йил муддатдан кейин ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома берилади”.

4. 8-банднинг бешинчи хатбошидан “Экстерннинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома". деган сўзлар чиқариб ташланади.

5. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“15. Экстерн 9, 11 синфлардаги баҳолар (ўзлаштириш) табелига асосан, аттестация ўтказилмайдиган фанлардан ижобий баҳоланган бўлса, ушбу фанлардан аттестациядан озод этилади”.

6. 16-банддаги “Меҳнат” сўзи “Технология” сўзи билан алмаштирилади”.