Жаҳон | 11:19 / 13.11.2018
12616
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда Евроосиё учун глобал таҳдидлар маълум қилинди

Фото: Казинформ

Халқаро экспертлар «2019 йилда Евроосиё учун глобал таҳдидлар рейтинги» тадқиқотини тақдим этишди. Тақдимот 12-13 ноябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтаётган, дунё мамлакатларидан етакчи экспертлар, сиёсатчилар ҳамда дипломатларни бирлаштирган сиёсий форум шаклидаги халқаро мунозаралар майдончаси - «Остона клуб» IV йиғилиши доирасида ўтказилди.

Тадқиқотда 30дан ортиқ эксперт ва сиёсатчилар иштирок этди, шунингдек, сўровнома услубидан фойдаланган ҳолда 60 мамлакатдан 1000дан ортиқ респондент билан суҳбат ўтказилди.

Фото: Казинформ

Рейтингни яратишдан мақсад - ҳам Евроосиё минтақасида, ҳам бутун дунёда долзарб геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнларни баҳолаш.

«Бугунги кунда савдо ва санкциялар уруши, ортиб бораётган қуролланиш шароитида, низоларни ҳал қилиш учун муҳим халқаро институтлар, жумладан, БМТ ва ЖСТ таҳдид остида қолди. Кузатилаётган жараёнлар глобал хавфсизлик тизими инқирози ортаётганидан дарак беради, бу энг салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай шароитларда, бизнинг фикрча, Евроосиё глобал чегарада турибди, бунда у ёки бирлашиши, ёки глобал можаро майдонига айланиб кетиши эҳтимоли бор. Бу ҳолатга қандай ечим топилиши яқин йилларда маълум бўлади. Шу нуқтаи назардан, биз тайёрлаган таҳдидлар рейтинги ушбу мулоқот мавзуси бўлиши керак бўлган муаммоларни белгилаб беришга қаратилган», - дея таъкидлаб ўтди Қозоғистон Биринчи президенти фонди ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори Ержан Салтибаев.

Таҳлилчиларнинг фикрича, минтақадаги асосий геосиёсий таҳдидлар қуйидагилар:

- Хитой ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши,
- кенг кўламли савдо урушлари,
- Яқин Шарқдаги катта уруш,
- Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг янада ёмонлашиши,
- Евроосиёдаги «қайноқ нуқталар»да фаолликнинг тикланиши, 
- сепаратизм ва этно-конфессионал зиддиятларнинг ўсиши,
- экологик ва сув муаммоларининг кучайиши,
- кибертаҳдидларнинг кучайиши ва эволюцияси,
- янги қуролланиш пойгасининг бошланиши,
- йирик ядровий ва техноген фалокатлар хавфи.

Маълумот учун: Astana Club ишида дунёнинг Австралия, Афғонистон, Бельгия, Буюк Британия, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Испания, Италия, Хитой, Қирғизистон, Норвегия, Россия, АҚШ, Хорватия, Швеция ва Япония каби 30 давлатидан келган тахминан 50 спикер иштирок этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид