Жаҳон | 13:15 / 14.11.2018
27538
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти: Яқин Шарққа катта уруш шарпаси қайтиши мумкин

Фото: Акорда

Катта Евроосиёнинг айрим қисмларида кенг қамровли ҳарбий можаролар юзага келиши эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 13 ноябрь куни «Остона» клуби IV йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, энг «портлашга яқин» минтақалардан бири Яқин Шарқ ҳисобланади.

«Беқарорлик Суриядаги инқироз, Ироқдаги сиёсий кескинлик, Ливияда давом этаётган фуқаролик уруши, араб мамлакатларидаги ички чақириқларга боғлиқ. Буларнинг барчаси Эрон билан жуда мураккаб шароитда эришилган ядровий битимнинг бузилиши туфайли кескинлашди. Жаҳон ҳамжамияти, шу жумладан Қозоғистон, ушбу ҳужжат устида узоқ иш олиб борди. Бизнинг мамлакат ўз мисоли билан бутун дунёга ядро қуролига эга бўлиш хавфсизликни таъминлаш масаласида ечим эмаслигини кўрсатди. Қозоғистон бу қуролдан воз кечиб, халқаро ҳамжамият ишончини қозонди. Келгуси йилда ҳал этилмаган муаммолар янада чалкашиши мумкин, бунда Яқин Шарққа катта уруш шарпаси қайтиб келиши эҳтимоли бор», - дея маълум қилди республика раҳбари.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, глобал хавфсизликка халқаро терроризм ва экстремизм таҳдид солишда давом этяпти.

«Терроризмни ўрганиш ва терроризмга муносабат билдириш бўйича Миллий консорциум маълумотларига кўра, 2017 йилда дунёда 10 мингга яқин террорчилик ҳужуми рўй бериб, улар оқибатида 26 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди», - деди Назарбоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2019 йилда Евроосиё учун глобал таҳдидлар маълум қилинганди.

Мавзуга оид