Ўзбекистон | 13:56 / 20.11.2018
14474
3 дақиқада ўқилади

Кудбиев: Хорижга ишга жойлаш монополия бўлгани коррупцияга йўл очган

2018 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 555 мингдан ортиқ киши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудлардаги бўлимларига иш сўраб мурожаат қилган. Шундан 218,8 минг киши ишга жойлаштирилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда вазир Шерзод Кудбиев шу ҳақда маълум қилди. KUN.UZ мухбирига кўра, вазирнинг фикрича, эндиликда, хусусий бандлик агентликлари фуқароларни ишга жойлаштириш билан қанчалик кўп шуғулланса, вазирлик фаолияти ҳам шунчалик самарали бўлади.   

«Энди фуқароларни ишга жойлаштириш вазифаси хусусий тадбиркорлик субъектларига қанчалик кўп ишониб топширилса, меҳнат идоралари шунчалик самаралироқ ишлайди. Шунинг учун ҳам биз, вазирлик сифатида, хусусий бандлик агентликлари

-  ишга жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлиши;
-  ишга жойлаганлик учун даромад қилиш имконига эга бўлиши
-  ҳамда бу каби хизмат кўрсатишга чеклов қўйилмаслиги керак эмас, деб ҳисоблаймиз.
Хорижий мамлакатларга ишга жойлаштириш ҳам шу жумладан», - деди Шерзод Кудбиев.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг эътироф этишича, давлат шу вақтгача, ҳеч қачон фуқароларни чет элда ишга жойлаш ҳуқуқини хусусий қўлларга бермаган, буни хоҳламаган ҳам. 

«Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, хорижга ишга жойлаш масаласида монополия бўлар экан, хоҳлайсанми-йўқми, тизим катта бўлса, бу коррупцияга шароит яратади. Биргина мисол келтираман. Яқинда президент Қорақалпоғистонга сафар қилди. Бундан аввал биз таҳлил ўтказдик. Ҳаммамиз биламизки, ҳамшира бўлиб ишга кириш жуда ҳам машаққат. Лекин меҳнат бўлимлари 600дан ортиқ бўш иш ўрни борлигини аниқлади», - дея қайд этди вазир.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда вазирлик ва хусусий бандлик агентликлари олдида турган муҳим вазифалардан бири шуки, жипслашган ҳолда айнан шу каби бўш иш ўринлари шаффоф бўлишини ҳамда уларга хусусий бандлик агентликлари ҳам ишга жойлаш ҳуқуқига эга бўлишларига эришишдир. 

«Биз бунинг учун хусусий бандлик агентликларига давлат ихтиёридаги бўш иш ўринларига боғлиқ маълумотлар базасидан фойдаланиш имконини ҳам беришни режалаштираяпмиз ва бунга тайёрмиз», - деди вазир. 

Мавзуга оид