«Kun.uz» таҳририятига Жиззах вилояти, Зафаробод туманидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда туман ҳокимлиги томонидан бир фермернинг ери тортиб олинаётгани баён этилган.

2016 йилдан бери «Боғимдаги тутларим» фермер хўжалигини бошқариб келаётган Донобой Ибодов аввалги йилларда ҳам пахта, ҳам ғалла режаларини ортиғи билан бажариб келган.

Лекин бу йил Донобой Ибодов учун омадсиз келди. Фермер бу ҳақда шундай дейди: «Бу йилги пахта режасини бажара олмадим. Бунга сабаблар бор. Бироқ, туман ҳокими Иброҳим Қаршибоевга режани бажара олмаганим сабабларини, муаммоларимни айтишга имконият беришмади.

Айтгандан не фойда, барибир эшитмайди. Баҳор ойидаёқ «Агрокимёҳимоя»нинг туман филиалига 14 миллион сўмни фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан ўтказиб берганман. «Агрокимёҳимоя» филиалига қатнайвериб, бир килограмм ҳам селитра ололмадим. Беришмади. Мен бутун меҳримни шу ерга берганман, бутун оила далада меҳнат қиламиз. Онам бизга бош, ёшим ўтди, деб ўтирмайдилар. Баб-баравар меҳнат қилади. Агар мендан ерни тортиб олишса нима қиламан?

Фермернинг даласидамиз. Дала бошида онахон Юлдуз Ибодова хавотир билан бизни қаршилади. Салкам етмиш ёшда бўлган онахоннинг дардига қулоқ солдик.

«Боғимдаги тутларим» фермер хўжалигига асос солганимизда одам бўйи ғумайзорни кўриб рости қўрқиб кетган эдим. Кўз қўрқоқ, қўл ботир экан, ерни оби тобига келтирдик. Шукр, меҳнатларимиз эвазига ер ҳосил берди. Фарзандларим билан шу ерда меҳнат қиламиз, шу меҳнатлар эвазига ўғилларимнинг қадди тик, қарз эмасмиз. Ғалла, пилла режасини ортиғи билан бажардик. Шунга қарамай туман ҳокимлиги вакиллари яна беш тонна қўшимча ғалла топширасан деди. Туманга ёрдам бўлсин, деб буни ҳам топширдик. Бироқ, бунинг учун бир сўм пул олмадик. Нега бизнинг еримизни тортиб олишар экан? Айбимиз нима? Биз ерсиз қандай яшаймиз?

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зафаробод туман ҳокимлигига йўл олдик. Туман ҳокимлигида масъул мутассадилар топилмагач, қўнғироқ орқали туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев билан боғландик.