Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси Махсус қисмининг дастлабки варианти эълон қилинди. Умумий қисм устидаги иш якунига етказилмоқда, у 2018 йил 1 декабргача тақдим этилади, деб ёзади Norma.
 
Лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси асосий қоидалари ҳисобга олинган:

• барча тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш;
• йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун солиқни 4% миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш имкониятини белгилаш;
• жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини жорий этиш ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш;
• давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва б.
 
Бўлимлар, боблар, қисмлар, моддалар, бандлар ва ҳ.к. рақамлари ҳозирча сақланиб қолди, барча муҳокама ва тавсиялардан сўнг уларга тузатиш киритилади. Эълон қилинган лойиҳага оид таклиф ва фикр-мулоҳазалар умумлаштириш ва кейинчалик муҳокама қилиш учун [email protected] электрон манзилида қабул қилинади.
 
Солиқ кодексининг Умумий қисми ва қўшилган қиймат солиғи бўлими устидаги иш якунига етказилмоқда. Улар билан 2018 йил 1 декабргача танишиб чиқиш мумкин бўлади. Ўзаро алоқадор шахсларга солиқ солиш масаласини ишлаб чиқиш зарурлиги сабабли иш узоқ кўрилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият жадаллашиши шароитида бундай битимлар сони ортиб бораётганлиги боис бу алоҳида эътиборни талаб қилади.
 
Умумий қисмда трансферт нарх белгилаш масалаларини акс эттириш режалаштирилмоқда, шу жумладан:

• назорат қилувчи хорижий компаниялар ва ўзаро алоқадор шахсларни белгилаш;
• «нозик капиталлаштириш» қоидалари;
• қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш хусусиятлари.