Бола тарбиясига жавобгарлик масаласи оиланинг, маҳалланинг, жамиятнинг истиқболига эътибордир. Тарбиядаги энг кичик эътиборсизлик ҳам эртанги кундаги катта кўнгилсизликларга йўл очиб бериши мумкин. Бугунги кунда ёшлар асосан танбаллик, осонгина бойиб кетиш ҳирси сабаб жиноят йўлига кириб кетмоқда. Ўғирликнинг содир этилиши бировнинг мулкига эгалик қилиш майлидан бошланади. Агар фарзанд бу майлдан вақтида қайтарилмаса, жиноят тубсизлигига кириб кетаверади. Ёшларни ҳаётсеварлик руҳида тарбиялаш, китоб мутолаасига ҳамда уларнинг қизиқишларига қараб касб-ҳунар тўгаракларига ва ҳар хил мусобақаларга жалб этиш турли хил иллатларнинг илдизини кесади. Ёшларни жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ундаш лозим.

Ёшларимиз орасида илмга интилувчан, маърифатлилари ҳам бор аммо, қандайдир қинғир йўлларга кириб нохуш ҳодисаларга сабаб бўлиб, жазо муддатини ўтаётганлар ҳам йўқ эмас. У ердаги ёшларнинг кўпчилигининг адашишига оилавий носоғлом муҳит сабаб бўлган. Ота-оналардан бирининг ўгайлиги ёки оилада фарзандни тўқликка шўхлик асносида ўсиши, отаси ичкиликка, ёмон одатларга берилган ва фарзанд ҳам «Қуш уясида кўрганини қилгани»дек, ота-онасидан намуна олиб вояга етган.
Ёшлар ўртасида содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда 2019 йилда бажариладиган вазифаларни белгилаш мақсадида 20 ноябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудида «Барчаси ўз қўлингда!» шиори остида ёшлар ўртасидаги тарғибот декадасига старт берилди. Декада 30 ноябргача давом этади. Декада доирасида ҳар бир ҳудудда 10 кунлик «Тунги рейдлар» ўтказилмоқда.
10 кун давомида вилоятлар миқёсида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга оид «Тунги рейдлар» ўтказилиб, назоратсиз қолган вояга етмаган ёшлар билан тиббий кўрик ва психологик суҳбатлар, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича «Street workout» мусобақалари ташкил этилмоқда. Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш мақсадида улар билан ҳудуддаги ҳарбий қисмларга саёҳатлар йўлга қўйиляпти. Барча туманларда жадвал асосида «Барчаси ўз қўлингда!» шиори остида педагогик-психологик тренинглар, «Мен касб танлайман» номли ижтимоий тадбирлар орқали ёшларга касб-ҳунар танлашга кўмаклашилди. Тарғибот декадаси якунида барча ҳудудларда мутасадди ташкилотлар томонидан брифинг ўтказилиб, тарғибот лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида ахборот бериш режалаштирилган.



















