Mover'да кўриш (tas-ix)

Youtube'да кўриш

Эрта келган қиш мавсуми олдидан 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги бошпанасиз шахслар учун реабилитация маркази хайрия акциясини ўтказганди. Унда Тошкент мотобайкерлари гуруҳи ҳам кўнгилли равишда фаол қатнашган, акция вақтида яшаш жойи бўлмаган кишиларга уст-бош, иссиқ овқат ва гигиеник воситалар бепул тарқатилганди.

Шу йилнинг 26 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 309-сон қарори эълон қилинган. Ҳужжатда кишини бошпанасиз деб топиш учун у бир йўла 4та мезонга тўғри келиши шартлиги белгиланган:

- 18 ёшдан ошган бўлиши;
- шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билет ва бошқалар) бўлмаслиги;
- бирор манзилда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаслиги ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобда турмаслиги;
- ғайриижтимоий хулқ-атворли, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлиши.

Бошпанасизларга ёрдам бериш борасида Ўзбекистонда ҳам амалий ишлар секин-аста ижобий томонга ўзгармоқда. Дастлаб Тошкент шаҳар ИИББ ва Андижон ИИБ ташаббуси билан жазирама ёз ойларида бошпанасиз инсонларга ёрдам берилганди.

Маълумотларга кўра, айни дамда Яшнобод тумани Баратхўжа 3-манзилида жойлашган марказ фаолиятига хайрихоҳ одамлардан кўп мурожаатлар келиб тушмоқда, улар марказдаги ёрдамга муҳтож кишиларга қандай қилиб кўмак кўрсатишлари мумкинлигига қизиқишмоқда.

Агар бошпанасиз ва ҳеч бир ҳужжатсиз кишини учратиб қолсангиз ёки Реабилитация марказига хайрия учун кийимлар, гигиена воситалари, узоқ муддатли яроқлиликка эга озиқ-овқат маҳсулотлари, китоблар тақдим этмоқчи бўлсангиз, ҳудудингиздаги профилактика инспекторига, 102 рақамига ёки Марказ вакилларининг қуйидаги рақамларига мурожаат қилишингиз сўралади: +998983670708, +998983660107.