Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Банклар ва МЧЖ ўртасида суд. Фирмадан автомобил олган юзлаб кишилар пулига куйиб қоладими?
Kun.uz таҳририятига тадбиркорлар муаммоси бўйича маълумот келиб тушди. Унда айтилишича, бир қанча юридик ва жисмоний шахслар «Toshkent avto agent» МЧЖдан шартнома асосида турли русумдаги автомобиллар олишган. Уларнинг аксарияти тўловларни ўз вақтида ўтказган. Шундай бўлса ҳам, тўловларни тўлиқ тўлаган шахсларга машиналар расмийлаштириб берилмаган. Шартнома шартлари шу кунгача бажарилмай қолмоқда.
Қолганлар белгиланган график бўйича тўловларни фирма ҳисоб-рақамига тўлаб борган. Тўлаганликлари тўғрисида ҳужжатлари ҳам бор. Шунга қарамай, уларнинг машинаси жамиятнинг «Trastbank» ХАБ ва «Kapitalbank» АТБ олдидаги тўланмаётган кредит туфайли олиб қўйилиш эҳтимоли юзага келмоқда. Ҳозирда 100дан ортиқ машинага «арест» қўйилган. Фирма ва банклар ўртасида суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Mover'да кўриш
Youtube'да кўриш
Лизинг ўзи нима?
Лизинг — молиявий ижаранинг алоҳида тури бўлиб, унда бир тараф (лизинг берувчи) иккинчи тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига биноан учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб олади ва уни лизинг олувчига шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради. Бу лизинг тўғрисидаги қонунда берилган тариф. Энди содда қилиб тушунтирсак.
Одатда лизинг билан шуғулланувчи бир фирмага иккинчи фирма буюртма беради. Лизинг билан шуғулланувчи фирма банкдан кредит олади. Автосалонга ўтказади. У ердан машина сотиб олади. Машиналар фирма балансида туради. Лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг олувчи томонидан сотиб олингунга қадар лизинг берувчига тегишли бўлади. Буюртма берган фирмага фойдаланишга берилади ёки секин-аста сотиб олиш шарти билан ижарага берилади.

Изоҳ олиш мақсадида, Тошкент туманлараро иқтисодий судига мурожаат этдик. Мазкур иш юзасидан кириш эшиги олдида 50 нафарга яқин киши йиғилган экан. Улар билан суҳбатлашдик. Фуқаролар муаммо юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Шартномаларини кўрсатишди. Лекин шартномалар нотариал тасдиқланмаган эди.
«Лизинг билан шуғулланувчи фирма билан икки томонлама шартнома қилганмиз. Жами 297та машина мавжуд. Шулардан бир нечтаси тўловни аллақачон қилиб бўлишган. 153таси тўловларни белгиланган жадвал бўйича ўз вақтида тўлаб бормоқда. Фирма кредитини тўламаса, бизнинг машинамиз олиб қўйиладими? Ахир биз тўловларни ўз вақтида тўлаганмизку!», — деб тушунтириш берди йиғилганлардан бир нечаси.

Шундан сўнг, Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўрилаётган «Toshkent avto agent» МЧЖ суд жараёнига кириб бордик. Аввалига кредит ўз вақтида тўланмагани тўғрисидаги «Trastbank» ХАБ даъвогар бўлган биринчи инстанцияда кўрилаётган суд жараёнида қатнашдик. Суд тарафларга низосиз келишишни таклиф қилиб муаммони ҳал этишга муддат берди. Судья мазкур ҳолат юзасидан Kun.uz’га ўз изоҳини берди.

«Содда қилиб тушунтираман. «Toshkent avto agent» МЧЖ «Trastbank» ХАБдан бир неча миллиардлик кредит олган. Лекин жамият шартнома талабларини бузган. Тўловни ўз вақтида қилмаган. Банк судга мурожаат қилиб жамият ҳисобидан 2.659.853.577 сўм 52 тийин ундириб беришни сўраган. Ундирувни гаровга қўйилган 114та машинага қаратишни сўраган. Машиналар нотариал тартибда тасдиқланмаган шартнома асосида берилган бўлган», — деди Тошкент туманлараро суди судьяси Улуғбек Суюнов.

«Kapitalbank» АТБ билан ҳам худди шундай ҳолат такрорланган. Баъзи манбаларга кўра, ҳозирда лизинг билан шуғулланувчи фирманинг собиқ раҳбарига нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тўловни ўз вақтида қилиб юрган фуқаролар энди машинасиз қоладими? Ёки фирма қарзларини тўлашга қодирми? Суд қандай хулосага келади?
Ҳозирда жамият устидан суд жараёнлари давом этмоқда. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Зафарбек Солижонов махсус мухбир,
Муҳаммаджон Ғаниев оператор
Мавзуга оид
20:43 / 08.06.2026
Судьялар учун даромад ва мол-мулк декларациясини тақдим этиш тизими ишга туширилади
08:56 / 28.05.2026
Эҳтиёт чораларини бекор қилиш ваколати фақат судга ўтказилиши мумкин
19:43 / 18.05.2026
3 кишини пиёдалар йўлагида уриб юбориб, очиқда қолган аёл қўшмачилик устида ушланди
13:12 / 18.05.2026