Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига шарҳ берилди.

Кейинги йилларда давлат хариди учун бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим тармоғидаги реал ҳолат таҳлили яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини, ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бошоқли дон экинлари экиш учун ерларнинг сифатсиз тайёрланиши, агротехника қоидаларига риоя қилинмаслик, айниқса, экин-тикин ишларининг кечиктириб юборилиши, талаб қилинган моддий-техника ресурслари ўз вақтида етказиб берилмаслиги оқибатида кутилган ҳосил олинмаяпти.

Жойлардаги масъуллар ва фермерлар томонидан контрактация шартномаси мажбуриятлари бажарилмаётгани, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча даромад олиш юзасидан етарлича чоралар кўрилмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Қолаверса, юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, ҳосилдорлик кўрсаткичи паст бўлган фермер хўжаликларига нисбатан эса кескин чоралар кўриш тартиби ишлаб чиқилмагани суғориладиган унумдор ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг «Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилган.

Қарорда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этилиши назарда тутилгани унинг тарихий аҳамият касб этишидан далолат беради.

Хусусан, унга кўра, 2019 йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тасдиқланиб, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш «ерга нисбатан хиёнат» деб баҳоланиши ва ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгиланди.

Яна бир янгилик 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилганидир.