16:28 / 29.11.2018
14662

Чет эл сармояларидан юртимизда кимлар унумли фойдаланмоқда?

Гап шундаки, акциядорлик тижорат Халқ банки Жиззах вилояти филиалига Жаҳон банкининг Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси (МФСР) томонидан тақдим этилган пул маблағлари ҳисобидан жами 1 351.9 минг АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда наслли чорва моллари сотиб олиш учун ажратиб берилди.

Фото: Халқ банки 

Жумладан, банкнинг Арнасой филиали мижози "Сангзор" фермер хўжалигига наслли йирик шохли чорва моллари сотиб олиш учун 89,7 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди. Фермер ушбу маблағга Австрия давлатидан Симментал зотли 33 бош чорва моли олиб келиб, хўжаликдаги чорва моллар сонини 265 бошга етказди. Айни пайтда аҳолига сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бермоқда.

- Ёшлигимдан чорвага қизиқаман, шунинг учун 2010 йилда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилдим, - дейди Шароф Рашидов туманидаги “Жиззах само чашмаси” фермер хўжалиги раҳбари Камол Қаҳҳоров. – Жорий йил бошида Халқ банкида Жаҳон банки томонидан тақдим қилинган сармоя доирасида пул маблағлари ажратилаётгани ҳақида эшитиб, банкнинг туман филиалига мурожаат қилдим. Менга банк томонидан маълум шартлар асосида 86,9 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Шундан сўнг Австрия мамлакатидан 33 бош Швиц зотли наслли чорва моли олиб келдим.  

Фото: Халқ банки 

Дарҳақиқат, ушбу ташаббускор фермернинг режалари бисёр. Айни пайтда 86 бош қорамолга эга хўжаликни йирик чорва комплексига айлантириш ҳаракатида юрибди. Келажакда сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи ускуналар ўрнатиш нияти ҳам бор. Буларнинг барчасини хорижий сармоя кўмагида амалга оширмоқчи.

Техникани фермернинг қанотига қиёслашиши бежизга эмас, чунки техниканинг кучи фермернинг узоғини яқин, оғирини эса енгил қилади.  Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги лойиҳалари доирасида вилоятдаги кўплаб фермерлар четдан замонавий техникалар олиб келмоқда.

Фото: Халқ банки 

Мисол учун Мирзачўл туманидаги "Сахий Мирзачўл" фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Қиличевани замонавий New Holland русумли  трактор олиш режаси бор эди. Лекин ушбу техникани хориждан яхшигина маблағ эвазига олиб келиш учун фермер опада етарлича маблағ йўқ эди. Шунда фермерга Халқ банкининг туман филиали ходимлари ушбу қимматбаҳо техникани банк томонидан маълум шартлар асосида ажратиладиган маблағ эвазига сотиб олиш таклифини беришди. Бу таклиф Гулчеҳра Қиличевага ҳам маъқул тушди. Шундан сўнг банк томонидан ажратилган 72,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи эвазига Беларуссия давлатидан 2 дона New Holland техникаси сотиб олинди.

Фото: Халқ банки 

Умуман олганда Жиззах вилоятида Халқ банки томонидан берилаётган хорижий пул маблағлари орқали ўз бизнесини ривожлантираётган фермер хўжаликлари кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги "Жиззах строй продукт" масъулияти чекланган жамияти, "Ruslan-Mega" фермер хўжалиги, Бахмал туманидаги "Бахмал милк" фермер хўжалиги, "Наврўза Суюнова" хусусий корхонаси, Мирзачўл туманидаги "Ухум Чорвадори", "Сахий Мирзачўл" фермер хўжаликлари, Ғаллаорол туманидаги  "PRODUCTS AGRO" фермер хўжалиги, Зомин туманидаги "Қўнғирбой" масъулияти чекланган жамияти, Зарбдор туманидаги "Нур Чорва" фермер хўжаликларига жами 1 351,9 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда наслли чорва моллари сотиб олиш учун ажратиб берилди. 

Реклама ҳуқуқи асосида

Top