2018 йилнинг 28 ноябрь куни Женева шаҳрида (Швейцария) Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
ТИВ хабарига кўра, конференция Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкил этилган.
Форумда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, 70 га яқин давлатлар, жумладан Марказий Осиё, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон вакиллари иштирок этди.
Конференция иштирокчилари томонидан Афғонистон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш, минтақавий ҳамкорлик ташаббуслари ва механизмларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Афғонистонда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришишнинг мумкин бўлган йўллари ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари нутқида Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг муҳим шарти глобал ва минтақавий даражада умумий консенсус шакллантиришдан иборатлиги таъкидланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани ташаббуси билан жорий йилнинг март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада кучайтирди.
Бугунги кунда «Толибон» ҳаракати билан бирга, барча Афғонистон сиёсий кучлари, жумладан этник озчиликлар вакилларини тинчлик жараёнига қўшиш зарурлиги барча томонидан бирдек эътироф этилмоқда.
Вазир таъкидлаганидек, томонларни яраштириш саъй-ҳаракати билан бир қаторда, Афғонистоннинг иқтисодий келажаги, ижтимоий барқарорлиги ва афғон ёш авлодини молиявий қўллаб-қувватлаш зарур.
Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши, унинг минтақавий алоқаларга қўшилишига ҳар томонлама кўмак бермоқда ҳамда ТАПИ, CАСА-1000 каби лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Мамлакат Афғонистон учун ўта муҳим бўлган транспорт, энергетика, савдо ва таълим соҳаларидаги ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилган.
Масалан, Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўлини қуриш. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 30 минг афғонистонликни иш билан таъминлайди ва Кобулга йилига 400-500 млн. АҚШ доллари миқдорида фойда кўриш имконини беради.

















