Ўзбекистон | 11:20 / 02.12.2018
74086
3 дақиқада ўқилади

Президент ташрифи доирасида Хоразм вилоятида беш ҳоким ўзгарди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида 30 ноябрь куни Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтганди.

Йиғилиш давомида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиси Фарҳод Ўразбоевич Эрманов расман Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тайинланди. Шунингдек, Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари вазифаларига ҳам янги раҳбарлар тайинланди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, йиғилиш давомида вилоятдаги 3та туман раҳбари ва 2 шаҳар ҳокими ҳам алмаштирилган.

1 декабрь куни Ҳазорасп, Янгибозор ва Гурлан туманлари, шунингдек, Урганч ва Хива шаҳарларида янги ҳокимлар таништирилган.

Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктамбой Қўчқорович Қурбонов вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилиши муносабати билан Равшан Жабборов ушбу туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган Ўктам Машарипов Янгибозор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бу лавозимда 2010 йилдан буён ишлаб келган Озод Саидназарович Мадраҳимов ўрнида иш бошлади.

Вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаётган Шуҳрат Абдуллаев эса Урганч шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган. У бу лавозимда Одилбек Шоназарович Сапаев ўрнини эгаллади.

Алишер Салаев Гурлан тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бунгача Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётганди. У туманни 2012 йилдан буён бошқариб келган Қаҳрамон Эгамназарович Мадраҳимовни алмаштирди.

Шунингдек, Собир Жуманиязов Хива шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Жуманиязов 2013 йилдан GM Uzbekistan ёпиқ акциядорлик жамияти Хоразм филиали бошқарувчи директори эди.

Мавзуга оид