Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этишди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 13 июлдаги қарори билан тасдиқланган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон Республикасининг “Бизнес юритиш” борасидаги кўрсаткичларини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, улардан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш, шунингдек, ҳужжатлар муҳр билан тасдиқланишининг талаб қилиниши назарда тутилган нормалар чиқарилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, бу янгилик тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштиришга кўмаклашади. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон Республикасининг “Бизнес юритиш” борасидаги кўрсаткичларини янада яхшилаш имконини беради.















