Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг “Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлар ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжати лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тартибига кўра, ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ўрмондан доимий фойдаланувчилар, яъни ўрмон, ўрмон-ов, ихтисослаштирилган хўжаликлар, миллий табиат боғи ва биосфера резерватларининг (қўриқхона ҳудудларидан ташқари) ўрмон муҳофазаси ходимлари раҳбарлигида, хўжаликлар ўрмон муҳандислари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

ўрмон зараркунандалари ва касалликлари ўчоқларини, саноат ва коммунал - маиший ифлосланишлар ҳамда бошқа омилларнинг салбий таъсир доираларини ҳисобга олган ҳолда фитопатологик кузатув тадбирларини амалга ошириш;

энтомологик ва фитопатологик кузатув натижасига кўра ўрмон зараркунандалари яшаш тарзи, ривожланиш босқичлари, озуқа ўсимликлари, қишлов фазаларини аниқлаш;

ўрмон зараркунандалари ва касалликларига қарши ҳар йили май-июль ойларида дарахтларни 30 кунлик интервал билан икки марта уйғунлашган (биологик, кимёвий ва механик) ишловларни амалга ошириш;

ўрмон зараркунандаларининг оммавий кўпайиши ва ўрмон касалликларининг тарқалиш ўчоқларининг юзага келиши ва кенгайишининг олдини олиш, ўрмонларнинг биологик жиҳатдан чидамлилигини ошириш тадбирларини амалга ошириш.

Ўрмон зараркунандалари ва касалликларининг яширинган ўчоқларини зарарлантириш йилнинг энг асосий тадбирлари қаторига кириб, уларни аниқлаш учун кунлик энтомологик ва фитопатологик кузатув, ўрганишлар орқали ҳамда профилактик тадбирларини жорий этиш тартибида олиб борилади.

Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлардан ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш тадбирларини ўрмондан вақтинча фойдаланувчилар томонидан ёки улар кўмагида амалга оширилиши чекланмайди.

Ўрмон дарахтлари ва бошқа ўсимликларини ҳимоя қилиш воситаларининг қўлланилиши таъқиқланган ёки чекланган фаол ва нофаол ингредиентларини махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан аниқланади ва қўлланилиши таъқиқланган ёки чекланган фаол ҳамда нофаол ингредиентлар реестрига киритиши орқали амалга оширилади.