Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Хоразм вилоятида инновацион технопарк ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Хоразм вилояти хокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция бўйича давлат қўмитаси томонидан Хоразм вилоятида Хоразм инновацион технопаркни ташкил этиш  тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Қуйидагилар технопарк фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланади:

қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, кимё технологиялари, биотехнология, математика, робототехника ва электротехника соҳаларида рақобатбардош, инновацион маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиб бериш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларга чиқаришда қўллаб-қувватлаш;

ҳудуднинг инновацион салоҳиятини ошириш учун илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун ягона платформа яратиш;

инновацион фаолиятни ривожлантириш учун 5 йилдан узоқ бўлмаган муддатга имтиёзли ижарага бериши асосида резидентларга зарур юқори технологик инфратузилма,замонавий лабораториялар ва ишлаб чиқариш майдони, шунингдек молиявий, маркетинг, ҳуқуқий, патентлаш ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатиш;

венчурлик молиялаштириш асосида стартап-лойиҳаларни  амалга оширишда, шу жумладан  янги иш бошлаётган ва кичик хусусий корхоналарга ахборот технологиялари соҳасидаги инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштиришда кўмаклашиш;

рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларга чиқаришда қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновацион ишланмаларни жорий этишни рағбатлантириш;

Технопарк ҳудудида "шоу-рум" ташкил этиш орқали, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда резидентларга кўмаклашиш;

юқори технологияли маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш учун фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш;

етакчи компаниялар ва уларнинг мутахассислари иштирокида курслар, тренинглар ва мастер классларни, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ва малакали мутахассислар синфини шакллантириш учун илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш.