Жаҳон | 08:50 / 17.12.2018
23602
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Москвадаги музейга шамшир ва найзалардан иборат ноёб коллекциясини топширди

Фото: EPA/YURI KOCHETKOV

Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов (Forbes Россия рейтингида 10-ўрин, 12,5 миллиард доллар) ўзининг қуроллар коллекциясини Москвадаги Спорт музейига тақдим этди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда. Унинг таркибида дуэль жанговар қуроли - 25 нусхадаги шамшир ва найзалар бор.

Фото: Игорь Иванко/АГН «Москва»

Россия бош вазири ўринбосари Ольга Голодец Спорт музейидаги маросимда тадбиркорнинг коллекциясини «мутлақо ноёб», деб атади. «У (тўплам) катта иштиёқ, меҳр билан йиғилган. Бу бутун қиличбозликнинг тарихидир», - дея таъкидлаб ўтди амалдор. У коллекцияни «одамлар томоша қилиши учун иложи борича қулайроқ ерга» жойлаштириш ва мактаб ўқувчилари учун қизиқарли экскурсиялар тайёрлашга чақирди.

Қадимий қуроллар ва қиличбозлик маҳоратига оид ноёб китоблар тўплами музейга миллиардер томонидан таъсис этилган «Қиличбозлик келажаги учун» хайрия жамғармаси томонидан топширилди. Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилмоқда, у бу лавозимга бир неча бор қайта сайланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москвадаги суд Алишер Усмоновнинг «қонундаги ўғри» Шакро Молодой билан алоқалари ҳақидаги мақолаларни ўчириб ташлаш ҳақида қарор чиқарганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид