Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 декабрдаги 1049-сонли фармойишига мувофиқ, 12-15 декабрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоатчилик арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Нововоронеж шаҳрига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад - Россия Федерациясининг атом энергетикаси соҳасидаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда қуриладиган атом электр станцияси (АЭС) айнан Нововоронеж атом электр станцияси лойиҳаси асосида бўлиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ўзбекистон делегациясига Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари бўйича қўмита раиси Борий Алихонов бошчилик қилмоқда. Шунингдек делегация таркибидан Қўмитанинг саломатлик, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, мудофаа ва хавфсизлик, илм-фан, таълим, маданият ва спорт, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича аъзолари ўрин олган.

Ташрифнинг илк куни Ўзбекистон делегацияси вакиллари Нововоронеж шаҳрида жойлашган, 10 йилдан бери самарали фаолият кўрсатиб келаётган Атом энергетикаси ахборот марказида бўлишди. Марказ ходимлари ўзбекистонлик депутатлар ва журналистларга инновацион усуллар ёрдамида атом энергетикасининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этиб, делегация вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Шундан сўнг делегация вакиллари Нововоронеж атом электр станциясининг Ички коммуникациялар ҳамда ахборот ва жамоатчилик алоқалари бошқармасида бўлиб, АЭС бўйича зарур қўлланмаларга эга бўлишди. Шу билан бирга, делегация аъзолари АЭС объектида риоя қилиниши керак бўлган қоидалар билан таништирилди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик депутатлар Нововоронеж шаҳар округи раҳбари Николай Нетяга ва маҳаллий Дума вакиллари билан учрашиб, тинчлик мақсадларида атом энергетикасидан фойдаланишга оид қонунчилик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди, РФнинг бу борадаги тажрибаси билан танишишди.

“Жорий йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва РФ давлат раҳбари Владимир Путин томонидан Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда атом электр станциясини қуриш масалалари бўйича келишувга эришилди. Шу муносабат билан биз – бир гуруҳ депутатлар ва жамоатчилик арбоблари атом энергетикасига оид тажрибани ўрганиш мақсадида Нововоронеж шаҳрига ташриф буюрдик ва бу ердаги технологиялар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Атом энергетикаси ахборот марказида атом энергетикаси сирлари нимадан иборат эканидан хабар топдик. Атом энергетикаси орқали электр энергиясини олишга оид маълумотлар оддий, содда ва ҳаммага тушунарли тилда тақдим этилди, ҳатто бу соҳага алоқаси бўлмаган ёки у билан шуғулланмайдиган кишилар ҳамда болалар ҳам бу маълумотларни бемалол тушуниши мумкин”,