Самарқанд шаҳридаги олимпия захиралари тайёрлаш марказида катталар (эркаклар) ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал жанглари бўлиб ўтди.

2020 йилги Токио олимпиадасига тайёргарлик сифатида янгича 8та вазн тоифасида ўтказилган мамлакат биринчилигида ғолиблар аниқланди.

52 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳрининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили сифатида иштирок этган Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов финалда Тошкент вилоятининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Худойназар Файзовни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бронза медаллари фарғоналик Аброржон Қодиров ва Тошкент шаҳри вакили Нодиржон Мирзааҳмедовга насиб этди.

57 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳри вакили Абдулҳай Шораҳматов Тошкент шаҳрининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Отабек Холматовни техник нокаутга учратди. Бу вазнда бронза медалларини Тошкент вилояти вакили Ҳасанжон Турдикелдиев ва фарғоналик Миразизбек Мирзахалилов қўлга киритишди.

63 кг вазн тоифасида Тошкент вилояти вакили Алиёр Нуралиев Тошкент вилояти Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакили, Осиё ўйинлари совриндори Шунқор Абдурасуловни техник нокаутга учратди. Бронза медалларига эса бухоролик Шукуржон Раҳимов ҳамда андижонлик Камробек Эшматов эга чиқишди.

69 кг вазн тоифасида Жиззахнинг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили, Осиё ўйинлари ғолиби Бобо-Усмон Ботуров яна бир Осиё ўйинлари ғолиби, андижонлик Иқболжон Холдоровни 3:2 ҳисобида енгиб чемпион бўлди. Учинчи ўрин шоҳсупасига эса фарғоналик Фазлиддин Мелибоев ва Тошкент вилоятининг «Динамо» кўнгиллилар жамияти вакили Жаҳонгир Раҳмонов чиқишди.