Ўзбекистонда имконияти чекланганларнинг ижтимоий муҳофаза қилиниши масаласи доимо эътиборда бўлиб келган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилади. Бу борада бир нечта қарор ва фармон ҳам қабул қилинган.
Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам бу борада бир қатор вазифалар белгиланган.
Айниқса, сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни уй-жой билан таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Уйга муҳтож бўлган бундай шахслар давлат томонидан бепул ва арзон уй-жойлар билан таъминлаб келинмоқда.
Албатта, уйга муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаммасини бир вақтда уй-жой билан таъминлаб бўлмайди. Шу боис, бу борада чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, уйлар навбати билан берилмоқда.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар орасида кўрсатилаётган эътибордан қониқмаётган, норози, ҳокимликлар билан ўртасида турли тушунмовчилик ҳолатлари юзага келган кишилар ҳам йўқ эмас.
Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида яшовчи II гуруҳ ногирони, 52 ёшли Рисолат Тоҳировадан тушган мурожаат айнан шу мазмунда.
Рисолат Тоҳирова ўз мурожаатида ёлғиз аёллиги, бошпанаси йўқлиги, уй-жойга муҳтожлиги ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан унга бу борада кўмак берилмаётганини билдирган.
Мурожаатчи билан учрашиб, унинг бу борадаги эътирозларини тингладик.
Рисолат Тоҳирова Ғиждувон туманида туғилган. 1998 йилгача собиқ «Бухоротекс» АЖда ишлаб келган. Соғлиги ёмонлашгани туфайли унга II гуруҳ ногиронлиги берилган ва корхона билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. 2003 йилдан ногиронлиги муддатсиз этиб белгиланган. Корхонада ишлаган даврида Тоҳирова корхонага қарашли 5 «А»-сонли оилавий ётоқхонада яшаган ва доимий рўйхатга қўйилган.
Меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин корхонага тегишли ётоқхонадан чиқарилган ва Ғиждувон туманида онаси билан бир муддат яшаган.
Корхона тугатилгандан кейин унга тегишли оилавий ётоқхона Бухоро шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтган. Ётоқхонадаги хоналар уйга муҳтож кишиларга берилган. Айни вақтда Тоҳирова доимий рўйхатдан ўтган ётоқхонадаги хонадонда бошқа оила яшаб келмоқда.






















