«Оилавий қолипли нон ишлаб чиқариш корхонамиз фаолияти тўхташ арафасида. Жиззах шаҳар ҳокимлиги жорий йилнинг октябрь, ноябрь ойлари учун ажратилиши керак бўлган унни асоссиз тўхтатди. Мурожаатимга эса «Қаёққа борсанг бор, ёзган шикоятинг ўзимга келиб тушади», деган жавобни олдим...».
Kun.uz таҳририятига жиззахлик тадбиркор Ширинбой Абдрахмонов томонидан йўлланган мурожаат ана шундай сўзлар билан бошланган эди.
Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган Ширинбой ака ўз мурожаатида ноҳақликка дуч келаётгани, корхона фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлаётганини баён қилганди.
«2015 йилда яхши ниятлар билан «Давид Ширин» оилавий корхонасини ташкил этгандик. Барча ишларимизни қонунда кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида олиб борамиз. Октябрь ойида дислокация асосида ажратиладиган ун фондидан берилиши лозим бўлган 3 тонна унни асоссиз сабабларга кўра ололмадим. Бу ҳақда Жиззах шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимига мурожаат қилганимда, улар айрим ҳужжатларимда камчилик борлигини айтишди. Тегишли ташкилотлар томонидан берилган хулосаларни қайтадан олишим зарур экан. Гарчи, қўлимдаги хулоса муддати тугамаган бўлсада, мен қайтадан ушбу хулосани олдим. Афсуслар бўлсинки, менга ноябрь ойида ҳам ажратилиши керак бўлган унни турли баҳоналар билан беришмади. Доимий мижозларимни йўқотмаслик учун зарарига бўлса-да, бозордан қопини 125 минг сўмдан ун сотиб олиб, иш фаолиятимни давом эттирдим. Менга кейинги ойдан ун берилишини ваъда қилган Жиззах шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлим бошлиғи Раҳматилла Исмоиловга ваъдасини эслатганимда ижобий жавоб олмадим. Икки фарзандим хорижда таълим олади, ҳар ой уларнинг эҳтиёжи учун маблағ жўнатишим керак. Ҳужжатимда бирор камчилик бўлмаса-да мен сабабсиз рўйхатдан чиқарилдим», дейди Абдурахмонов ўз мурожаатида.

Тадбиркор суҳбат давомида чорасизликдан бир неча бор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини, айни кунда бу иш билан тегишли ташкилотлар шуғулланаётганига қарамай ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини, «югур-югур»лар фаолиятига таъсир қилаётганини, «кейинги ойда берамиз» деган ваъдалардан чарчаб, ҳеч кимга ишончи қолмаганини қўшимча қилди.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах шаҳар ҳокими муовини Бахтиёр Соатов билан учрашдик.
«Тадбиркор Ширинбой Абдрахмоновни яхши танийман. Лекин сиз айтаётган муаммодан хабарим йўқ, сизга шуни айта оламанки, бу ерда қандайдир тушунмовчилик бўлган. Албатта, айбдорлар тегишли жазони олишади. Барча ҳужжатларни текширамиз, асоссиз равишда тадбиркорларнинг иши тўхтаб қолишига йўл қўймаймиз», дейди муовин.



















