Бозор иқтисодиётини танлаган ҳар қандай мамлакат ўзининг ички ва ташқи имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш йўлларини излайди ва аҳолининг доимий ўсиб борувчи эҳтиёжларини имкон қадар юқори даражада қондиришга интилади. Бу борада самаралироқ натижаларга эришиш учун иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ваколатини халқ давлат органларига топширади.

Статистик фаолиятни шаффофлик тамойили асосида амалга ошириш, кундан кунга кучайиб бораётган ошкоралик муҳити, ОАВнинг замон талабларига мос тарзда фаолият кўрсата бошлаши мамлакатимиз ҳозиргача иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаганлигини ва бунинг учун хизмат қилиши мумкин бўлган улкан имкониятлар четда қолиб кетаётганини яққол ёритиб берди.

Мамлакатимизда 2016 йилда старт олган кенг қамровли ислоҳотларнинг янги босқичи жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилди. Давлат буюртмаси асосида харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари фермер хўжаликлари самарали ишлашини таъминлайдиган даражагача кўтарилди, молиявий оқимлар энергетика соҳасини керакли инвестицион манбалар билан таъминлашга йўналтирилди, туристик фаолиятни замон даражасига келтириш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.

Инновацион ғоялар, илғор технологияларни тадбиркорлик фаолиятига жадаллик билан жалб этиш натижасида йиллик табиий газ қазиб олиш миқдори 3 миллиард кубометр ёки 9 фоиздан кўпрокка, енгил автомобиллар ишлаб чиқариш эса қариб 1,5 бараварга кўпайди. Шу билан бирга мамлакатда электроэнергия, рангли металлар ва бошқа стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар ишлаб чиқариш ҳажми юқори суръатлар билан ўсди, хизматлар кўрсатиш, жумладан, йўловчи ва юк ташиш транспорти, алоқа ва туризм хизматлари соҳаларида ҳам яхши натижаларга эришилди.

Фақат қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари яратилган катта имкониятлардан фойдалана олишмади ҳамда бунинг объектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Бу сабаблар ичида фермер хўжаликларининг сув таъминотига тегишли қонунчилик замонавий талаб даражасида такомиллаштирилмаганлиги энг катта аҳамиятга эга. Аграр соҳа бошқаруви бозор механизми асосида эмас, балки совет давридан қолган марказлашган, режали тизим тамойиллари, бошқача қилиб айтганда, қўл бошқаруви асосида йўлга қўйилганлиги, тегишли вазирликлар ва маҳаллий бошқарув органлари ўртасидаги бошқарув функциялари аниқ қилиб ажратиб қўйилмаганлиги сабабли жорий йилда 2017 йилга нисбатан 600 минг тонна пахта, 2 миллион тоннадан кўпроқ буғдой кам етиштирилди, чорва учун етарли озуқа захираси яратилмади.

Шубҳасиз, бу йўқотишлар янги йилда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, тўқимачилик саноатини зарур хом ашё билан таъминлашда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Стратегик ҳамкор мамлакатлар томонидан таклиф этилган инвестицияларнинг атиги 3–4 фоизи ўзлаштирилди, холос.