Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
“Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорлар, жаҳон миқёсидаги нуфузли кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаган, ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшлар ва уларнинг устозлари, аҳоли, айниқса ёш авлоднинг маданият ва санъат билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш ҳамда маданият ва санъатни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўзбек санъатини кенг тарғиб қилиш, ёшлар орасидан иқтидорли ижрочи ва истеъдодли маҳорат эгаларини саралаб олиш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида сидқидилдан меҳнат қилаётган, республикада маданият ва санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётган тажрибали, етук ҳамда фидоий маданият ва санъат соҳаси вакиллари тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
“Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тақдирланади.
Маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, кўзи ожизлар кутубхонаси филиаллари, моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва музей соҳасида фаолият юритаётган ходимлар, ҳайвонот боғлари, кўргазмалар, композитор, бастакор ва санъатшунослар, театр, кино ва оммавий тадбирлар режиссёрлари, театр ва кино актёрлари, театр студиялари, дирижёрлар, балетмейстерлар, мусиқа, хор, рақс, цирк, оркестр, ансамбль ижрочилари ва шу каби жамоаларнинг бадиий раҳбарлари,
қўшиқчи-хонандалар, шоир ва ёзувчилар, тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳаларида самарали фаолият юритаётган, воҳаларга хос бўлган достон ижрочилиги намояндалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган академик лицейлар ҳамда маданият ва санъат мактаблари, шаҳар ва туман маданият бўлимлари томонидан ходимларни маданият ва санъат соҳасига қўшган ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар ҳудудий жойлашувидан келиб чиқиб Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларига ҳар йилнинг 1 апрель санасига қадар тақдим этилади.















