Ўзбекистон | 18:30 / 19.12.2018
58345
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Гулнора Каримовага нисбатан санкциялар узайтирилиши АҚШнинг ички иши деб ҳисоблайди

Фото: Tengrinews

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан санкцияларнинг узайтирилиши Қўшма Штатларнинг ички ишидир. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Kun.uz мухбирига хабар берди.

18 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп «Магнитский акти» асосида қатор шахсларга, жумладан Гулнора Каримовага нисбатан жорий этилган санкцияларни узайтиргани хабар қилинганди.

«Гулнора Каримова суд қилинган ва жазони ўтамоқда. Бу санкцияларни узайтириш АҚШ ҳукуматининг ички иши ҳисобланади», деди Бош прокуратура вакили.  

АҚШ Молия вазирлиги 2017 йил декабрда Гулнора Каримовани «Магнитский акти» бўйича санкциялар рўйхатига киритганди. Гулнора Каримова, АҚШ фикрига кўра, «бизнес экспроприацияси, бозорларнинг монополизацияси, поралар талаб қилиш ва рэкет учун давлат ресурсларини ишлатган қудратли уюшган жиноий бирлашмага» раҳбарлик қилган. 

Бундан аввалроқ Халқаро пресс-клуб сессияси вақтида бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Гулнора Каримова белгиланган жазони ўтаётгани ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Каримова 2015 йилнинг августида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Яна бир жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид