Ўзбекистон | 13:47 / 21.12.2018
28119
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда Тошкентга қанча инвестиция киритилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев “Steel property construction” қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бир нечта цехлардан иборат бу корхона Яшнобод туманидаги собиқ авиация заводига қарашли фойдаланилмай ётган биноларда иш бошлаган. Хориждан технологиялар олиб келиниб, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

«Dacros» корхонаси Европа технологияси асосида темир эшиклар тайёрлашга ихтисослашган. Бу эшиклар кўп қаватли турар жойлар йўлаклари, намунавий уйларга ўрнатилмоқда.

Яна бир бинода Нидерландия технологияси асосида турли ўлчамдаги металл конструкциялар ишлаб чиқариш ташкил этилган. Бу ерда йилига 24 минг тонна металл маҳсулотлар билан бирга сендвич панеллар, брусчаткалар, йўл чети тўсиқлари, иситиш радиаторлари тайёрланади. Ички бозордан ташқари қўшни мамлакатлар маҳсулотнинг асосий бозори ҳисобланади. Корхонада 440 иш ўрни яратилган. 


 
“Midas agrotech” корхонасида замонавий иссиқхона мажмуалари учун конструкциялар, шунингдек, қуёш нуридан ҳимояловчи тўрлар, пластик яшиклар, полиэтилен плёнка каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 

"Бектемир металл конструкциялари” корхонасида йўл тўсиқлари, ёритиш устунлари, қурилиш конструкциялари, электр пайвандланган қувурлар тайёрланади.

Давлат раҳбари мазкур цехлардаги ишлаб чиқариш жараёнини кузатди. Маҳсулотлар сифати ва бозори билан қизиқди.

Бектемир туманидаги «Бинокор» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди. 

 

Президент мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилган темир-бетон панеллардан намуна сифатида қурилган хоналарга кириб кўрди. Кўп қаватли уйларни тез муддатларда қуриш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун бундай корхоналар жуда зарурлигини таъкидлади. Шу йўналишга ихтисослашган корхоналарни кўпайтириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Тошкент шаҳри иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги корхоналар ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

2019 йилда пойтахтга 2 миллиард 700 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиши, бу маблағ саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларга йўналтирилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги инновацион клиникага ташриф буюрганди.

Мавзуга оид