Германия, Франция ва Испанияда танаффус олдидан сўнгги ўйинлар бўлиб ўтади. Италияда ҳам келаси ҳафта таътилга чиқишади. Англияда эса, энг қизғин палла энди бошланяпти. Албатта, турли кайфият, турли вазиятдаги кучли бешлик чемпионатларида келаётган дам олиш кунларига мўлжалланган эътиборли ўйинлар ҳам талайгина. Анъанавий равишда навбатдаги анонсимизни тақдим этамиз. 

БОРУССИЯ Д - БОРУССИЯ М (22 декабрга ўтар кечаси, 00:30)

Дортмудликлар ўтган турда кутилмаганда аутсайдерга имкониятни бой бериб қўйишди. Бу кетма-кет муҳим ўйинлардан кейин бўшашиш туфайли содир бўлган тасодифми ёки биринчи ярим йилда Европада энг кучли ўйин намойиш этган жамоалардан бирида пасайиш бошланяптими, бу саволга ушбу учрашув қисман жавоб беради. 

Рақиб ҳам анойи эмас, менхенгладбахликлар турнир жадвалида Дортмунд клубига энг яқин таъқибчи саналади. Жамоа жуда яхши формада - сўнгги 7 ўйинда атиги 1 мағлубият холос. У ҳам бўлса, анча кучли саналган «Лейпциг»дан. «Бавария» ҳам яқинлашиб келаётганини эътиборга олсак, бу ўйинда майдонга тушадиган ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун ўйнаши шубҳасиз. 

Ўзаро ўйинларга келсак, охирги 6 ўйинда мунтазам равишда дортмунликлар ғалаба қозониб келган. Ўз майдонидаги ўйинларда эса, охирги 12 учрашувдан 11тасида «адашлар»ни енгишган. Ўтган мавсумда «Идуна Парк»даги ўйинда мезбонлар 6:1 ҳисобида зафар қучганди. Ўша ўйинда ҳет-трик соҳиби бўлган Пьер-Эмерик Обемеянг ҳозир «Арсенал» таркибида тўп сурмоқда. Жамоанинг бугунги тўпурари Марко Ройс эса, ўз вақтида Менхенгладбахда тўп сурганди. Қизиғи, Ройс айнан собиқ жамоасига қарши ўйинларда самарали ҳаракат қилади - 6 гол ва 5 ассист. Бошқа бирор жамоага қарши Ройс бу қадар сермаҳсул бўлмаган. Лусьен Фавр - дортмундликлар устози 2011-2015 йилларда айнан Менхенгладбах жамоаси бош мураббийи бўлган.

Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар йўқ. Меҳмонларда эса, ниҳоят жамоа етакчиларидан бири Жонас Ҳоффман майдонга қайтиши мумкин. У машғулотларга киришган ва мураббий муҳим учрашувда Жонасни сафга қайтариши мумкин.  

ВУЛВЕРҲЕМПТОН - ЛИВЕРПУЛЬ (22 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Англия Премьер Лигаси пешқадамининг ўртамиёна «бўрилар» билан ўйинини алоҳида эътиборга олиш балки шарт эмасдир, аммо баъзи сабаблар бунга мажбур қилади. Масалан, ўйин жума кечаси бўлиб ўтади: бир ҳафта давомида Европа футболини соғинган мухлислар учун яхши машқ.