Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриат ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Институтга ўқишга қабул қилиш танлови, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

махсус касбий танлов;

тест синовлари.

Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

Дастлабки танлов — Институтга ўқишга киришга қарор қилган номзодга тегишли маълумотларни, унинг таълим муассасасидаги ўзлаштириши даражасини, индивидуал-психологик хусусиятларини, жисмоний тайёргарлиги ва соғлиғи ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ўрганиш ҳамда унинг келгусида божхона органларида хизмат қилиши учун мойиллигини аниқлашдан иборат.

Махсус касбий танлов – номзодларнинг божхона органларида хизматни ўташи учун уларнинг соғлиги ва психофизиологик хусусиятларининг мос келиши, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билими, ёзма саводхонлиги ҳамда интеллектуал салоҳиятини аниқлашдан иборат.

Тест синовлари – номзодларга танлаган мутахассисликлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб юритилади) томонидан ўтказиладиган тест синовлари.

Институтда тасдиқланган Давлат таълим стандартлари асосида “Божхона иши” ва “Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Институтга ўқишга кирувчи номзодлар учун:

“Божхона иши” таълим йўналиши бўйича математика (информатика ва ахборот технологиялари фани билан биргаликда) (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл), чет тили (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл), она тили ва адабиёт (ҳар бир тўғри жавоб учун 1,1 балл) фанларидан;

“Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) таълим йўналиши бўйича тарих (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл), чет тили (ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 балл), она тили ва адабиёт (ҳар бир тўғри жавоб учун 1,1 балл) фанларидан тест синовлари ўтказилади.