Индонезия қирғоқларига 22 декабрь куни цунами ёпирилди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг сони 200дан ошди, 800дан ортиқ киши жабрланди.

Тахминларга кўра, цунамига Кракатау вулқонининг отилишидан сўнг юз берган сув ости кўчкиси сабаб бўлган. Жуда баланд тўлқин Ява ҳамда Суматра оролларини ажратиб турадиган Зонд бўғозида юзага келди.

Панденгланг, Жанубий Лампунг ва Серанг округлари табиий офатдан энг кўп зарар кўрди.

Қирғоқ бўйида жойлашган юзлаб уйлар йўқ бўлиб кетди. Австралия ва Малайзия Жакартага табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам таклиф қилди. Рим папаси Франциск ҳам жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Расмийлар қирғоқолди туманларига етказилган моддий зарарни баҳолашда давом этмоқда.

Индонезия ҳукумати такрорий тўлқинлар хавфи ҳақида огоҳлантирди. Кракатаунинг отилиши ҳамон давом этяпти.

Жабр кўрган туманларда, Jakarta Post’нинг ёзишича, мобил алоқа чекланган, коммуникациялар бузилган.



















